Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Трампнинг янги муддати давомида Украинага биринчи ҳарбий ёрдам шартномасини эълон қилди
9 млн долларлик ёрдам Bradley жанговар машиналарини техник кўрикдан ўтказиш ва тўлиқ жанговар ҳолатга келтиришни назарда тутади.

Bradley / Фото: Getty images
Американинг BAE Systems Land & Armaments LP компанияси Bradley жанговар машиналарини техник кўрикдан ўтказиш ва тўлиқ жанговар ҳолатга келтириш бўйича 9 миллион долларлик шартнома олди. АҚШ Мудофаа вазирлиги сайтида айтилишича, маблағлар 2025-молия йили учун Украина хавфсизлик ташаббуси (USAI - Ukraine Security Assistance Initiative) бюджетида захира қилинади.
Шартнома суммаси катта эмас, бироқ бу Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати давомида Украинага кўрсатган биринчи ҳарбий ёрдамдир.
USAI - бу Украина мудофаа қобилиятини ошириш учун АҚШ томонидан молиялаштириладиган дастур. 2022- ва 2023-молиявий йилларда ушбу дастур учун АҚШ бюджетидан 18 миллиард доллар ажратилди. 2024-йилги ҳарбий пакет 13,77 миллиард доллар ажратишни назарда тутган.
Аввалроқ CBS News дипломатик манбаларга таяниб, Трамп Украинани молиялаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани ва гап камида бир неча миллиард доллар ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Манбалар «янги молиялаштириш сўнгги кунларда Украинага дронлар ва ракеталар ёрдамида зарба берган Россияга сигнал» эканини таъкидлади.
11 июл куни Reuters агентлиги Трамп биринчи марта АҚШ Конгрессининг розилигисиз ўз фармони билан Украинага қурол-яроғ юбориш учун PDA (Presidential Drawdown Authority) ҳуқуқидан фойдаланаётгани ҳақида хабар берди. Ажратиладиган ёрдам пакети ҳажми қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Унга Patriot мажмуалари учун ракеталар, HIMARS тизимлари учун GMLRS снарядлари ва ўрта масофали ракеталар кириши мумкин.
14 июл куни Трамп Путиндан ҳафсаласи пир бўлганини, шунинг учун НАТО билан Киевга қурол етказиб бериш бўйича келишиб олганини айтди.