Ўзбекистон | 20:03 / 22.07.2025
1429
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштирувларидан сўнг ишончномага автомобилни чет элга олиб чиқишга оид банд киритиш таклиф этилмоқда

Автомобилни бошқариш учун берилган ишончномада машинани республика ҳудудидан олиб чиқиш ҳуқуқи мавжудлиги ёки чекланганлик ҳолати қайд этилиши мумкин. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу сўнгги пайтларда Ўзбекистондан машиналар олиб чиқилиши ва уларнинг чет элда сотилиши ҳолатлари кўпайгани билан изоҳланмоқда.

Фото: Kun.uz

Автомототранспорт эгаларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланган. Лойиҳада автомототранспортларга нисбатан расмийлаштирилган ишончномада мазкур автомототранспортларнинг республика ҳудудидан олиб чиқиш ҳуқуқи мавжудлиги ёки чекланганлик ҳолатини қайд этиш назарда тутилган.

Лойиҳага илова қилинган маълумотномада ишончнома асосида автотранспорт воситаларини олиб чиқиб, уларни чет элда сотиш ҳолатлари тез-тез учраётгани қайд этилган. Ҳужжатда келтирилган статистикага кўра, 2024 йилда 50 га яқин фуқароларга тегишли транспорт воситаларининг олиб чиқилиб, қайтарилмагани аниқланган. 2025 йил июн ойининг ўзида 8 та шундай ҳолат қайд этилган.

Олдинроқ Божхона қўмитаси пул эвазига машиналарни Тожикистонга ўтказиб берган шахсларни фош қилганди. Унда 8 нафар шахс жами 59 та машинани ҳайдаб, чегара божхона постлари орқали Тожикистонга ўтказиб бергани билдирилган.

Kun.uz машиналар ишончнома асосида чет давлатга олиб чиқилиб, сотиб юборилаётгани юзасидан бир нечта суриштирув эълон қилган. Жумладан, ўтган йил охирида Абдулла Абдурасулов исмли шахс томонидан кўплаб одамлар чув туширилиб, машиналари Қозоғистонга ўтказилиб сотиб юборилгани аниқланганди. Яқинда эса шу каби ҳолат яна такрорланди: бу сафар бир гуруҳ шахслар одамларни алдаган ҳолда уларга тегишли автомобилларни Тожикистон ҳудудига ўтказиб, пуллаб юборди.

Мавзуга оид