Ўзбекистон | 21:59 / 28.07.2025
6286
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдан учган Uzbekistan Airways самолётидаги носозлик бўйича маълумот берилди

Самолёт фавқулодда вазият туфайли Истанбул аэропортига қайтган эди.

Фото: HavaSosyalMedia

Туркиянинг Истанбул шаҳридан Тошкентга 28 июл куни учган Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти фавқулодда вазият туфайли аэропортга қайтди.

HY-272 рейсини амалга ошираётган Boeing 767 самолёти ҳавога кўтарилганидан бироз ўтгач, захира аэропорти - Анқара шаҳрига қўнмоқчи бўлган. Ҳаво кемаси экипажи бортда фавқулодда вазият юз берганини англатувчи 7700 кодини қўйган. Экипаж кутиш зонасида бироз парвоз қилгач, жўнаб кетиш аэропорти – Истанбулга қайтишга қарор қилган. Самолёт Тошкент вақти билан соат 17:50 да аэропортга хавфсиз қўнган.

Uzbekistan Airways хабарига кўра, самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг, учишдан 1 соат ўтиб, 350-эшелон баландлигида салон ва кабинадаги босимнинг беқарорлиги ҳақида сигнализация тизими ишга тушган. Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳаво кемаси командири самолётни жўнаш аэропортига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилган.

Таъкидланишича, авиакомпаниянинг техник хизматлари ҳаво кемасини Тошкентдаги базага қайтариш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.

Қайд қилинишича, ушбу рейс йўловчилари кутиш даврида меҳмонхонага жойлаштирилади ва захира ҳаво кемаси орқали 29 июл куни Тошкентга етказилади.

Мавзуга оид