Ўзбекистон | 22:52 / 30.07.2025
4161
4 дақиқада ўқилади

Уй қурувчиларининг “қора” рўйхати, рус овчиларининг ўлжаси ва иссиқхоналарга қўллов – маҳаллий дайжест

Kun.uz Тошкентда уй-жой объектлари қурилиши тўхтатилган 44 та корхона ва 8 нафар жисмоний шахсни аниқлади. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда иссиқхоналарни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Иш ҳақи ва пенсияларни инфляция даражасидан юқори миқдорда ошириб бориш режалаштириляпти. Россиялик овчи Сурхондарёда Қизил китобга киритилган морхўрларни овлади. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди

Унда иссиқхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласи кўтарилди. Қайд қилинишича, энди экспорт мажбуриятига эга иссиқхоналарга қишда газ етказиш кафолатланади, кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимида ишлаётган, экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони берилади.

Йиғилишда дала четида экспортбоп маҳсулотлар, хусусан, олчани кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Вилоят ҳокимларига қуриб қолган 2 минг 600 гектарда томчилаб суғоришни жорий қилиш топширилди.

Йиғилишда айрим «чаққон» савдогарлар ҳаммадан олдин қимматроқ сотишни кўзлаб, хом мевани экспортга чиқараётгани танқид қилинди. Оқибатда хориждаги савдо тармоқлари минглаб тонна Ўзбекистон маҳсулотини хом ҳолатда етказиб берилгани учун қабул қилмаган.

Тошкентда ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилиши тўхтатилди

Пойтахт ҳокимлиги 59 та объектда ҳужжат йўқлиги сабабли қурилиш тўхтатилиб, электр тармоғидан узиб қўйилгани ҳақида хабар берганди. «Айнан қайси объектлар?» деган сўровлардан кейин ҳокимлик рўйхатни тақдим қилмади, аммо қурилиши тўхтатилган ташкилотларни онлайн текшириш имкониятини яратди. Kun.uz рўйхатга киритилган 44 та корхона ва 8 нафар жисмоний шахсни аниқлади.

Иш ҳақи ва пенсияларни инфляция даражасидан юқори миқдорда ошириб бориш режалаштириляпти

2026–2028 йиллар учун ишлаб чиқилган фискал стратегияга кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ҳамда ижтимоий нафақа миқдорлари инфляция даражасидан юқори суръатда ошириб борилади.

2025 йилда Пенсия жамғармасига бюджетдан ажратиладиган трансфертлар ҳажми 20 трлн сўмдан ошиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2028 йилга бориб ушбу сумма 26 трлн сўмга етади.

Россиялик овчи Сурхондарёда Қизил китобга киритилган морхўрларни овлади

Ижтимоий тармоқда Ўзбекистонда суратга олинган ов жараёни видеоси эълон қилинди. Унда россиялик овчи Константин Самсонов Сурхондарё вилояти ҳудудида морхўрни отиб ўлдиргани акс этган. Маълум бўлишича ов 1 йил олдин уюштирилган.

Овчи ва тасвирга олиш гуруҳи Сурхондарё вилояти ҳудудига қандай бориб қолгани ва уларга Қизил китобга киритилган ноёб жониворни овлашга ким рухсат бергани маълум эмас.

Фарғонада миллий чолғулар оркестри ва симфоник оркестр ташкил этилади

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилояти бўлинмаси таркибида Фарғона миллий чолғулар оркестри ва Фарғона симфоник оркестри ташкил этилади.

Шунингдек, Фарғона Ecо City мажмуаси ҳудудидаги амфитеатрда ҳамда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар кўп келадиган бошқа жойларда симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестрининг концерт дастурлари йўлга қўйилади.

Мавзуга оид