Ўзбекистон | 07:37 / 31.07.2025
1492
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат меъёрларини жорий этиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат иш берувчилар, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун меҳнатни ташкил этишни такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш ва ходимлар учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек ходимларнинг оптимал сонини аниқлаш мақсадида қабул қилинган.

Намунавий низом қуйидагиларни белгилайди:

ташкилотларда меҳнат меъёрлари ва стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби;
ёрдамчи ходимларнинг айрим тоифалари касблари ва лавозимлари бўйича иш ҳақининг намунавий меъёрлари.

Меҳнатни меъёрлаш – бу муайян ишлаб чиқариш шароитларида маълум бир иш ёки топшириқни бажариш учун зарур бўлган максимал вақтни аниқлаш, шунингдек, меҳнат натижалари ва иш ҳақи миқдорлари ўртасидаги мувозанатли нисбатларни ўрнатиш бўлиб, у турли тоифадаги ходимлар (гуруҳлар) сони ва жиҳозлар сонининг оптимал нисбатини аниқлаш имконини беради.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва касблари таснифлагичи касблар ва лавозимларнинг бошқарув, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар тоифаларига тегишлилигини аниқлаш учун қўлланади.

Ёрдамчи хизматчилар тоифасига кирувчи штат бирликларини аниқлашда, аввало, ушбу тоифага мансуб айрим касблар ва лавозимлар бўйича ходимлар сонининг намунавий меъёрларига амал қилинади. Сўнгра, ёрдамчи хизматчилар сонининг маъмурий хизматчиларга нисбатан мутаносиблигини ҳисоблаш меъёрлари қўлланади.

Мавзуга оид