Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп маъмурияти Озарбойжон ва Марказий Осиёни «Иброҳим келишувлари»га қўшмоқчи. Ўзбекистон ТИВ изоҳ берди
АҚШ президенти маъмурияти Озарбойжон ва Марказий Осиё давлатларини Исроил билан алоқаларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»га қўшилишга жалб қилмоқда. Reuters манбаларига кўра, бу ташаббус рамзий бўлса-да, Исроил билан алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган. Kun.uz Ўзбекистон ТИВдан ушбу ташаббус бўйича изоҳ олди.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Озарбойжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»га қўшиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Reuters нашри вазиятдан хабардор бўлган ўзининг беш нафар манбасига таяниб маълум қилди. Мақсад – ушбу мамлакатларнинг Исроил билан мавжуд алоқаларини чуқурлаштириш.
Аслида Озарбойжон ҳамда Марказий Осиё 5 давлати аллақачон Исроил билан дипломатик муносабатларга эга. Манбага кўра, шу боис уларнинг келишувларга қўшилиши асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиб, савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилади. Таъкидланишича, янги келишувлар илгари имзоланган «Иброҳим келишувлари»га ўзгартириш киритмайди.
Ғазода Исроил олиб бораётган геноцид кўринишидаги уруш, ўн минглаб қурбонлар ва очарчилик бугун араб дунёсидаги ғазабни кучайтирди. Натижада араб дунёсидаги бошқа мусулмон давлатларини «Иброҳим келишувлари»га жалб этиш қийинлашди. Хусусан, Саудия бир неча бор «у Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини» билдирди.
Озарбойжон масаласи
Трамп маъмурияти учун муҳим тўсиқ – бу Озарбойжон ва унинг қўшниси Арманистон ўртасидаги можаролар, деди нашрнинг манбаси. Уларнинг таъкидлашича, АҚШ учун Озарбойжоннинг келишувларга қўшилиши учун Арманистон билан тинчлик шартномаси имзоланиши шарт.
Гарчи Трамп маъмурияти бир неча давлатларни бу келишувларга киритиш эҳтимолини очиқ айтган бўлса-да, айнан Озарбойжон билан музокаралар энг жиддий ва тартибли тарзда олиб борилмоқда. Reuters нашрига кўра, бундай келишув ҳатто бир неча ҳафта ёки ой ичида имзоланиши мумкин.

Трампнинг тинчлик бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва унинг ёрдамчиси Аре Лайтстон шу йилда Озарбойжонга ташриф буюриб, президент Илҳом Алиев билан учрашган. Иккита алоҳида учрашувда улар, хусусан «Иброҳим келишувлари»ни муҳокама қилган.
Озарбойжон ҳукумати ҳозирча бу масалада изоҳ бермади.
Марказий Осиё нима дейди?
Reuters манбаларига кўра, Озарбойжон билан жараён анча илгарилаган бўлса, Марказий Осиё бўйича музокаралар энди бошланмоқда.
Оқ уйдан таклиф тушгач, озарбойжонлик расмийлар Марказий Осиёдаги, жумладан Қозоғистондаги ҳамкасбларига мурожаат қилиб, уларнинг ҳам бу кенгайтирилаётган ташаббусга қизиқишини ўрганишган. Бироқ аниқ қайси давлатлар – Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ёки Қирғизистон – билан алоқа ўрнатилганлиги номаълум.
Reutersʼнинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти аниқ мамлакатларни тилга олмади, бироқ «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтириш Трампнинг асосий ташқи сиёсий мақсадларидан бири эканини билдирди. «Биз кўпроқ давлатларни қўшиш устида ишлаяпмиз», деган АҚШ расмийларидан бири.
АҚШ президенти администрацияси, Исроил ташқи ишлар вазирлиги ва Вашингтондаги Қозоғистон элчихонаси эса Reuters нашрининг сўровларига жавоб бермаган.
Ўзбекистоннинг позицияси
Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, изоҳ олди. ТИВ расмий вакили Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, «Ўзбекистон томони АҚШдан бундай мазмундаги сўров олмаган».
Маълумот учун, Ўзбекистон 1994 йилда Фаластин билан, 1992 йилда эса Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатган.

Ўзбекистон халқаро минбарларда доим Фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақлилиги, бу тинчликка эришишнинг асосий шарти эканини таъкидлаб келади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ғазода олиб борилаётган уруш натижасида бегуноҳ инсонлар, айниқса болаларнинг ўлимини қоралаб, можарони дипломатик йўллар билан ечишга чақирган. Шу кунларда Ғазода давом этаётган уруш ҳудудларидан 100 дан ортиқ инсонлар Ўзбекистонга олиб келиниб, бепул даволанмоқда.
«Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. 21-асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюяциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир», деган эди президент Шавкат Мирзиёев бир неча ой олдин Тошкент Инвестициявий форумидаги чиқишида.
«Иброҳим келишувлари» – қандай ҳужжат?
Иброҳим келишувлари (Abraham Accords) бу – Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида Исроил билан 4 та мусулмон давлатлари ўртасида дипломатик муносабатларни нормаллаштириш бўйича имзоланган келишувлар мажмуасидир.
У 2020 йил августда БАА, кейинроқ, шу йилнинг ўзида Баҳрайн, Судан ва Марокаш билан имзолаган. Келишувларнинг асосий мақсади Исроил ва араб/мусулмон давлатлари ўртасида расмий дипломатик алоқалар ўрнатиш, элчихоналар очиш ва АҚШ воситачилигида минтақавий ҳамкорлик, барқарорликка эришиш бўлган.

Иброҳим келишувининг асосий шартлари қуйидагилар:
- Исроил араб давлатлари билан тўлиқ элчихоналар даражасида муносабат ўрнатади;
- Араб давлатлари Исроилни расмий давлат сифатида тан олади, уни йўқ қилиш ғоясидан воз кечади;
- Исроил – Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш режасини тўхтатади;
- Томонлар иқтисодий ва хавфсизлик битимларини тузади.
Бунинг эвазига АҚШ ушбу араб давлатларининг ҳар бирига алоҳида рағбатлар берган. Масалан, БААга F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш имконияти, Суданни «терроризм ҳомийси» рўйхатидан чиқариш, Ғарбий Саҳройи Марокаш ҳудуди деб тан олиш каби.
Фаластин бу битимларга доим кескин қарши чиққан. Чунки у Исроил билан алоқалар фақат Фаластин давлати ўз чегараларида тузилгандагина расмийлаштирилиши керак эди, деб ҳисоблайди.
Reutersнинг ёзишича, дипломатик алоқаларни тиклашга қаратилган «Иброҳим келишувлар» эндиликда АҚШ ва Исроилнинг юмшоқ кучини кенгайтириш воситаси сифатида кўрилмоқда.
Мавзуга оид

13:22
Германия АҚШ билан келишилган ҳолда Украинага иккита Patriot'ни беради

12:49
АҚШ сенаторлари Украинага 55 млрд доллар ажратишни таклиф қилди

11:56
АҚШ ва НАТО Украинага қурол етказиб беришнинг янги механизмини яратмоқда

23:12 / 01.08.2025