Жаҳон | 23:24 / 02.08.2025
1144
2 дақиқада ўқилади

Хитойда эркак сув остида 5 кун яшаб, тирик қолди

У шўнғиш пайтида сувости ғорларида адашиб қолган.

Фото: South China Morning Post

Хитойлик эркак беш кеча-кундуз сув остида яшаб, мўъжизавий тарзда омон қолди. Бу ҳақда Ҳонконгнинг South China Morning Post нашри хабар берди.

Воқеа 19 июл куни содир бўлган. Фужун шаҳрида яшовчи 40 ёшли ҳаваскор ғаввос дўсти билан маҳаллий дарёга борган ва сувга шўнғиганидан беш дақиқа ўтгач, бедарак йўқолган.

Дарё мураккаб ғорлар тизими билан кесишган бўлиб, баъзи жойларда бир неча ўн метр чуқурликка эга. Полиция ва қутқарувчилар зудлик билан қидирув ишларини бошлаган, хусусан, профессионал ғаввослар жалб қилинган.

Қидирувлар беш кун бесамар давом этган. Аммо ғаввослар навбатдаги сувости ғорлари бўйлаб сузиш пайтида ғойиб бўлган эркакка тасодифан дуч келган. У фонарик билан ғаввосларга сигнал беришга муваффақ бўлган.

Қутқарув гуруҳи капитани Тян Янлин сўзларига кўра, ғаввос сувости ғорларидан биридаги «ҳаво чўнтаги» туфайли омон қолган. У ерда, умуман олганда, чуқур сув остида бўлишига қарамай, нафас олиш мумкин эди.

Эркакнинг сўзларига кўра, шу 5 кун ичида у вақт ҳиссини бутунлай йўқотган ва хом балиқ билан кун кўрган. Ажабланарлиси шундаки, қутқарилгандан сўнг, эркакнинг аҳволи қониқарли бўлган. Ҳатто тез ёрдам машинасига мустақил равишда етиб борган.

Мавзуга оид