Жаҳон | 23:20 / 04.08.2025
872
2 дақиқада ўқилади

Исроилда Нетаняҳу ишини олиб бораётган бош прокурор истеъфога чиқарилиши мумкин

Олий суд ҳукуматни бош прокурорни ишдан бўшатиш «ноўрин» эканлиги ҳақида огоҳлантирди ва қарор қабул қилинган тақдирда суд тақиқини эълон этишга ваъда берди.

Фото: AFP/Getty Images

Исроил ҳукумати 4 август куни бир овоздан бош прокурор Гали Баҳарав-Миаранинг истеъфосини ёқлаб овоз берди, у ҳозир бош вазир Бинямин Нетаняҳуга қарши коррупция иши бўйича судда иш олиб бормоқда, деб ёзди Axios. Таъкидланишича, Исроил тарихида биринчи марта ҳукумат бош прокурорни ишдан бўшатишни ёқлади.

Нетаняҳу терговидан ташқари, Баҳарав-Миара унинг маслаҳатчиларини Қатар билан алоқалари ҳақидаги тахминларни ҳам текширмоқда. Олий суд ҳукуматни бош прокурорни ишдан бўшатиш «ноўрин» эканлиги ҳақида огоҳлантирди ва қарор қабул қилинган тақдирда суд тақиқини эълон этишга ваъда берди.

Нетаняҳу порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш бўйича учта алоҳида иш бўйича судланмоқда. У бадавлат ишбилармонлардан 200 минг доллар қийматдан ортиқ совғалар олганликда ва янгиликларда «яхши тасвирланиш» эвазига телекоммуникация компанияси эгасига юзлаб миллион долларлик имтиёзлар берганликда айбланмоқда. Бош вазир бу айбловларни рад этмоқда. Суд жараёни тўрт йилдан бери давом этмоқда, бунга Нетаняҳунинг ишни бир неча бор чўзишга уринишлари сабаб бўлган.

Адлия вазири Ярив Левин қарорнинг Нетаняҳуга қарши суд жараёни билан боғлиқлигини рад этди ва ҳукумат бош прокурор билан «қарама-қарши» муносабатларда «қизил чизиққа» етиб борганини айтди.

Баҳарав-Миара овоз беришдан олдин Вазирлар Маҳкамасига йўллаган мактубида мисли кўрилмаган қарор ҳар қандай бўлажак ҳукуматга бош прокурорни сиёсий сабабларга кўра ишдан бўшатиш имконини беришидан огоҳлантирди. Унинг истеъфоси Нетаняҳуга қарши суд жараёнига ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига нисбатан бошқа жиноий терговларга таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид