Ўзбекистон | 17:01
2459
2 дақиқада ўқилади

Чимёнда юк машиналари қурилиш чиқиндиларини сойга тўкиб кетаётгани маълум бўлди

Бўстонлиқ тумани Чимён маҳалласининг тоғли ҳудудида сойга тонналаб қурилиш чиқиндилари ташлаб келингани ойдинлашди. Бу ишни қилган икки ҳуқуқбузар топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида тоғли ҳудудга ноқонуний равишда қурилиш чиқиндилари тўкиб келингани аниқланди. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат акс этган видео лавҳа тарқалди.

Видео лавҳада бир нечта юк машиналари ҳудуддаги сойга қурилиш чиқндиларини тўкиб кетаётганини кўриш мумкин.

Чуқурликда тўпланган чиқиндидан бу ерга 1-2 машина эмас, тонналаб қурилиш чиқиндиси ташланганини билиш қийин эмас.

Тошкент вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ҳолат Бўстонлиқ тумани Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими давлат экологик назорати инспекторлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш давомида икки фуқаро томонидан чиқиндилар белгиланмаган жойга жойлаштирилганлиги аниқланган.

Ҳуқуқбузарлик бўйича айбдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси кўрилган.

Kun.uz’нинг Экология вазирлигидаги манбаси ушбу ҳолатда бошқа айбдорларни ҳам топиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудга камера ўрнатилиб, тўлиқ назоратга олинади.  

Мавзуга оид