Ўзбекистон | 18:37
968
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди

Антониу Гутерриш билан глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТ конференцияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.

Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июл ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга келди, Тошкентда «БМТ-Аёллар» тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мавзуга оид