Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Россия нефтини сотиб олаётган Ҳиндистонга санкция жорий қилди
Оқ уй раҳбари ҳинд товарларига 25 фоизлик бож жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фото: Bloomberg
АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистондан импорт қилинадиган товарларга 25 фоиз миқдорида қўшимча бож жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда айтилишича, чора Ҳиндистон томонидан Россия нефтини сотиб олиш давом этаётгани билан боғлиқ, бу эса, АҚШ маъмуриятининг қайд этишича, Россиянинг Украинадаги урушини молиялаштиришга ёрдам беради. Божлар фармон имзоланганидан 21 кун ўтиб - 2025 йил 27 августдан кучга киради.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ҳиндистон ҳукумати «тўғридан-тўғри ёки билвосита Россия нефтини импорт қилмоқда», бу эса АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солади. Янги тарифлар ҳинд товарлари учун мавжуд бож ва йиғимларга қўшимча равишда амал қилади. Фақат бошқа савдо чоралари таъсирига тушадиган ёки махсус божхона зоналарида жойлашган товарлар бундан мустасно. Худди шундай тарифлар, ҳужжат матнига кўра, Россия нефтини сотиб олувчи бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.
Аввалроқ Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Ҳиндистонни нафақат катта миқдорда Россия нефтини сотиб олаётганликда, балки уни очиқ бозорда катта фойда билан қайта сотаётганликда ҳам айблаган эди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистонни Украинадаги уруш қурбонлари ташвишга солмаяпти.
2024 йилда Америка 87 млрд долларлик Ҳиндистон маҳсулотларини импорт қилган бўлса, Ҳиндистон Америка маҳсулотларини атиги 42 млрд долларга сотиб олди. АҚШ Ҳиндистондан импорт қиладиган товарлар асосини фармацевтика маҳсулотлари, телекоммуникация ускуналари ва тўқимачилик маҳсулотлари ташкил этади.
Россиянинг Ҳиндистон нефт импортидаги улуши 2017 йилдаги 1 фоиздан 2024 йилга келиб 30 фоизга ошди, бу эса Москвани Ню-Деҳлининг энг йирик савдо ҳамкорларидан бирига айлантирди.