Жамият | 18:40
3564
4 дақиқада ўқилади

Жаримабозлик: Экология вазирлиги фақат жарима ўйлаб топгани тузилганми?

1 августдан эътиборан экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори ҳам ошди. Хўш, жарималар экологияни қутқарадими ва бирор ижобий натижага сабаб бўляптими? Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, муаммо жаримада эмас, балки шу моддий жазонинг ҳаммага тенг қўлланмаётганида. Орқасида одами йўқларга бемалол қўллаяпмиз, дейди вазир маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Суҳбатда қатнашганлар фикрича, экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарималар бўлиши – мутлақо нормал, лекин шу жарималар кимга солиниб, кимга солинмаётгани – энг катта муаммо. Масалан, ҳукуматда ёки юқори ташкилотларда таниш-билишлари бор катта тадбиркорлар битта қўнғироқ билан жарималардан қутулиб қолаётган ҳолатлар анча. Лекин олис қишлоқдаги битта дарахт кесган, фақат маош билан кун кўрувчи оддий халқ вакили шу жаримани тўлашга мажбур. Демак, тенгсизлик бор экан – ҳеч қачон натижа бўлмайди.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, айниқса, дарахтларни кесиш масаласида вазирлик ҳамда ходимлар катта босим билан ишлайди.

“Айниқса шу тадбиркорлар ўзини оппоғим деб ўйламасин, ана шулар бўлади миллатнинг зулуклари. Булар аслида ҳеч кимни тан олмайди, тепага битта қўнғироқ қилиб ишини ҳал этади. Бизнинг ҳам хабаримиз бор Тошкентда битта дарахтнинг кесилиш ставкаси қанча, вилоятда қанча. Ушлай олмаётган одамларимиз ҳам бисёр”, дейди собиқ депутат.

Жамиятшунос, этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошев фикрича, Ўзбекистонда фаррошлик штатлари сонини ошириш ёки мактабларда, мажлисларда тинмай табиатни асраш ҳақида лекция ўқиш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Давлат ўзининг қаттиқ қонунлари, катта жарималари ва ҳаммага тенг бўлган қоидалари билан буни тартибга солмас экан, биз бирор натижага эришмаймиз, дейди жамиятшунос.

Бундан ташқари, одамларнинг психологияси ва руҳида ҳам экологик маданият автоматик ўрин олиши керак. Болани олиб кетаётганда чиқиндини махсус идишларга солиш, табиатга зарар бермасликка ўргатиш – қон-қонимизга сингиши даркор.

Адолат Мукус – Туркия фуқароси, бундан қарийб 20 йил аввал экологиядаги муаммолар, аллергия ва об-ҳавонинг ноқулайлиги ортидан Ўзбекистонни тарк этган. У ҳаводаги чанг миқдори ҳаддан зиёд ортиқлигидан шикоят қилади.

“Ўзбекистонда негадир чанг жуда кўп, томоғимиз чангдан тўлади. Мен Ватанимни яхши кўраман, яшагим келади. Узоқ муддатдан кейин келдим, ўзгариб кетибди, чиройли бўлиб кетибди. Лекин экологик шарт-шароитлари оғир, шунинг учун ҳам яшаш қийин”, дейди Адолат Мукус.

Суҳбатдошларнинг айтишича, экологик оқибатлар ҳукуматни ҳар нарсадан ҳам кўра кўпроқ ташвишга солиши керак. Ваҳоланки, ноқулай об-ҳаво шароитлари ва иқлим ўзгаришини деб иқтисодиёт, бизнес ва тадбиркорлик зарар кўриши тайин. Масалан, биргина 2023 йилда Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 22 минг иш ўринлари иқлимни деб йўқолиб кетган.

Жамиятшуноснинг қўшимча қилишича, ҳеч қачон кеч эмас ва вазият бунданда ёмонлашмаслиги учун ҳеч бўлмаса ҳозирдан фаоллашишга тўғри келади.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeдаги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид