Ўзбекистон | 20:30
1354
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган маросим бўлиб ўтди

Бугун “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари, қурилиш соҳаси фахрийлари, тизимдаги меҳнат жамоалари, маҳаллий ҳокимият ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов етказди.

Президент ўз табригида мамлакатимизда қурилиш соҳаси сўнгги йилларда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланганини таъкидлади. Маълум қилинишича, 2024 йилда 100 мингдан зиёд хонадонга эга бўлган 2 044 та кўп қаватли уй барпо этилди. Шунингдек, аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони 2020 йилдаги 16 кв. метрдан 19 кв. метрга етди.

Агар 2016 йилда қурилиш ишлари ҳажми 30 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 234 трлн сўмга етди. Сўнгги саккиз йилда юртимизда 45 млн кв. метр бино ва иншоотлар барпо этилди. Бу йил 135 мингта хонадон фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ҳозирда 56 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши жадал давом этмоқда. 2030 йилгача уларнинг сонини 100 тага, хонадонлар сонини эса 250 мингтага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида 20 минг гектар майдонда 2 миллион аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилмоқда. Миллий кутубхона, университетлар, музейлар, мактаблар ва тадқиқот марказлари қурилиши бошлангани маълум қилинди.

Тадбир сўнгида соҳа ходимлари учун таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Маълумот учун, Қурилиш соҳаси ходимлари куни президент Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, 2017 йилдан буён август ойининг иккинчи якшанбасида нишонлаб келинади.

Мавзуга оид