Иқтисодиёт | 08:50
710
3 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистондан асал сотиб олишни бошлаши мумкин

Хитойнинг "Алашанкоу" эркин савдо зонаси орқали Ўзбекистондан асосан қуритилган мевалар импорти амалга ошириляпти.

Фото: "Дунё" АА

Бу ҳақда Ўзбекистон делегациясининг Хитой ва Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган Божхона хизматининг "Алашанкоу" эркин савдо зонасига ташрифи давомида Алашанкоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, мазкур иқтисодий зонада Хитойга олиб килаётган ва экспорт қилинаётган маҳсулотларни етказиб бериш, ўн турдаги маҳсулотларга сетификатлар тақдим этиш, божхона билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва логистика хизматлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, иқтисодий зонада тадбиркорлар томонидан бир неча йирик омборлар ташкил этилган. Улар маҳсулотларни сақлаш, юклаш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашади.

Ушбу йирик мажмуа 2011 йилда "Бир макон – бир йўл ташаббус доирасида ташкил этилган. Бу ердан маҳсулотлар Хитойдан Европага ва Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга етказиб берилади.

Маҳсулотлар асосан поездда ва юк автомобилларида ташилади. Хусусан, 2024 йилда поезд орқали 7684 та ташувлар амалга оширилди. Бу рақамлар 2023 йилга нисбатан қарийб 16 фоизга кўпдир. Шунингдек, хориждан кирган 40 миллион тонна маҳсулот Хитой ҳудудларига етказиб берилган.

Ҳоким ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.

"Ўзбекистондан асосан қуритилган мевалар ва товуқ оёқчалари экспорт қилиняпти, – деди Алашанкоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг. – Бу рақамлар жуда кам. Улар икки мамлакат салоҳиятига жавоб бермайди. Биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шерикликни кенгайтиришга тайёрмиз. Ўзбек ҳамкорларимизнинг таклифларини эшитишга ва уларга Хитой бозорларига киришига ёрдам беришимиз мумкин. Масалан, биз асални Россиядан олиб киряпмиз. Билишимча, Ўзбекистон асали ҳам жуда ширин ва харидоргир. Ўзбек тадбиркорлари асал маҳсулотларини замон талаблари асосида қадоқлаб экспорт қилса, биз улар учун Хитой бозоридан харидор топишга кўмаклашамиз", – деди Алашанкоу шаҳри ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг.

"Алашанкоу" эркин савдо зонаси билан танишув давомида маҳсулотлар сақланаётган омборлар, юкларни тушириш, қадоқлаш ва юклаш хизматлари кўздан кечирилди.

Мавзуга оид