Apple ва Стив Жобсга бағишланган кимошди савдолари бўлиб ўтди
Савдолар давомида Appleʼнинг биринчи компютери 375 минг долларга сотилди.

Фото: MacRumors
Американинг RR Auction кимошди уйи ноёб ва тўлиқ соз ҳолатда бўлган Apple-1 компютерини 375 минг долларга сотди, деб хабар беради MacRumors портал.
Apple-1 бу — Apple асосчилари Стив Жобс ва Стив Возняк томонидан яратилган ва сотилган шахсий компютер ҳисобланади. У 1976 йилда ишлаб чиқарилган компютерларнинг биринчи авлоди бўлиб, шахсан Жобс томонидан қўлга туширилган серия рақамлари билан ажралиб туради.
Қайд этилишича, кимошдига қўйилган компютер жуда яхши ҳолатда сақланган ва Appleʼнинг илк ходимларидан бири ҳисобланувчи Дениэл Котткенинг оригинал қўлланмаси билан қўшиб сотилган.
Stive Jobs and the Apple Revolution номи остида ўтган мазкур кимошди савдолари давомида Apple тарихига боғлиқ бошқа ноёб лотлар ҳам сотувга қўйилган. Улар орасида Жобснинг имзоси туширилган 1976 йилги чек — 112 минг долларга, 4 гигабайт хотирага эга биринчи авлод iPhone қурилмаси — 87,5 минг долларга сотилган.
Шунингдек, Apple Lisa компютери 56,8 минг долларга баҳоланган. Савдолар давомида жами 1 миллион 308 минг доллар тўпланган.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда биринчи Apple компютери – Apple-1ънинг прототипи аукционда 815 минг долларга сотилган эди.
Мавзуга оид

17:55 / 23.04.2025
Еврокомиссия Apple ва Meta’ни 700 млн евро жаримага тортди

09:03 / 21.04.2025
iPhone 17 Pro ғилофи суратлари смартфон камераси дизайнини ошкор қилди

16:11 / 12.04.2025
Apple Индонезияда смартфон сотишга рухсат олди

21:17 / 10.04.2025