Жаҳон | 01:01 / 17.04.2025
2169
2 дақиқада ўқилади

Лондон ва Париж мигрантлар алмашинуви бўйича келишувни муҳокама қилмоқда

Келишув амалга ошса, Британия мамлакатга Ла-Манш орқали ноқонуний кириб келган мигрантларни Францияга депортация қилиши мумкин бўлади.

Фото: Reuters

Лондон Ла-Манш бўғози орқали қайиқда мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда келган мигрантларни Парижга депортация қилиш имконига эга бўлади. Буюк Британия ва Франция бу борадаги келишувни муҳокама қилмоқда, деб ёзади Financial Times.

Бунинг эвазига Британия Франциядан мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга (жумладан, оилаларни бирлаштириш дастури доирасида) хориж фуқароларини қабул қилади. Франция Ички ишлар вазирлиги бу схемадан бошқа Европа Иттифоқи давлатлари ҳам фойдаланишига умид қилмоқда.

«Бу пилот лойиҳа бўлиб, келажакдаги Европа келишувига асос бўлиши мумкин. Франция мазкур ташаббусни қатъий қўллаб-қувватлайди», — дейди Франция ИИВ вакили.

Шунга қарамай, FT манбаларининг таъкидлашича, ушбу схеманинг бутун Европа Иттифоқи бўйича кенг қўлланиши даргумон — кўпгина мамлакатлар ЕИ аъзоси ҳисобланмайдиган Буюк Британия томонидан депортация қилинган мигрантларни қабул қилишни истамайди. Газета суҳбатдошларининг қайд этишича, Париж ва Лондон ўртасидаги музокаралар ҳозирча дастлабки босқичда, бошқа Европа давлатларининг иштироки ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан бери 8,2 минг киши Ла-Манш орқали кичик қайиқларда Франциядан Буюк Британияга ноқонуний ўтишга уринган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга кўп. Умумий ҳисобда 2024 йилда 37 мингта шу каби ҳолат қайд этилган.

Мавзуга оид