Жамият | 11:55 / 21.04.2025
17821
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда судя маст ҳолатда машина олиб қочгани айтилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир қилгани айтилмоқда. Судялар олий кенгаши судянинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганини билдирди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда судя маст ҳолда машина олиб қочгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, бу ҳаракат жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси Рустам Раҳмонов томонидан содир қилинган. 

Судялар олий кенгаши ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унда судянинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани айтилади.

“Судялар одоби кодекси талабларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судясининг (хизматдан ташқари вақтдаги) хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги шу мавзуга доир хабарларда тилга олинаётган ҳолатларга хизмат текшируви жараёнида аниқлик киритилади ва якуни бўйича лозим чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилади кенгаш баёнотида.

Рустам Раҳмонов 2024 йилнинг декабр ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судяси лавозимида бўлишининг навбатдаги 10 йиллик муддатига тайинланганди

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддасига кўра, транспорт воситасини олиб қочиш 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Мавзуга оид