Спорт | 09:37
10743
7 дақиқада ўқилади

«Барселона» — Испания чемпиони! Ямал «Олтин тўп» учун асосий даъвогар

«Барселона» 28-бор Испания чемпионлигини қўлга киритди, ҳолбуки жамоа қишда пешқадамдан саккиз очкога қолиб кетган ва Мадрид клубларининг чемпионлик учун имкониятлари юқори баҳоланаётганди. Олтин ўйинда Ямални уриб йиқитишди, у эса навбатдаги шедевр голи билан чемпионлик масаласини ҳал этди. Флик илк мавсумидаёқ испанча треблга эришди.

Фото: Omar Arnau/Getty Images

«Эспанёл» – «Барселона» 0:2
Голлар:
Ямал (53), Фермин Лопес (90+5)
«Эспанёл»: Гарсия, Кумбулла, Кабрера, Ромеро, Ал Ҳилолий, Лосано (Миля, 60), де Сарате, Экспосито, Пуадо (Калеро, 82), Рока (Каррерас, 68), Фернандес (Чеддира, 82)
«Барселона»: Шченсни, Араухо (Кубарси, 51), Кристенсен (Форт, 77), Мартин (Балде, 46), Гарсия, Педри, де Йонг, Олмо (Гави, 77). Рафиня, Ямал, Левандовски (Фермин Лопес, 65)
Огоҳлантиришлар: Чеддира (84), Кумбулла (90) – Кристенсен (42), Шченсни (90).

«Барселона» мавсум якунига икки тур қолганиа чемпионликни расмийлаштирди. «Эспанёл» бу Каталония дербисида рўй бермаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилди, аммо уддалай олмади.

Флик бу мавсум учун ноодатий тарзда ўйинни тўрт ҳимоячи билан бошлади. Араухо, Эрик Гарсия, Мартин, жароҳат туфайли деярли бутун мавсумни ўтказиб юборган Кристенсен – улардан ҳеч бирини ҳозирда асосий таркиб футболчиси деб бўлмайди. Шу куни «Барселона» офсайд тузоғи кўнгилдагидек ишламагани ва мезбонлар вақти-вақти билан хавфли вазиятлар яратганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Бир неча ҳолатда «Эспанёл» ҳужум чизиғи вакилларига аниқлик етишмади, Хави Пуадо яккама-якка вазиятга чиқиб кетган вазиятда эса Шченсни қутқарди.

Биринчи бўлим давомида «Эспанёл» учта яққол голли вазиятга эга бўлди – кутилган голлар кўрсаткичи 1,13 xG. Кўк-анорранглилар тўпга эгалик қилган ва кўпроқ зарба берган бўлса-да, ҳужумларни голли вазиятларгача етказа олмади – кутилган голлар кўрсаткичи 0,39 xG. Меҳмонлардаги энг хавфли эпизод Педри ўз услубидаги пас билан Дани Олмони жарима майдонига йўналтирганида юзага келди, аммо ҳимоячилар Олмога халақит беришди, ҳужум давомида тўпга эга чиққан Левандовскининг зарбаси эса хато кетди. Педри ва Ямалнинг узоқ масофадан йўллаган зарбалари ҳам дарвоза соҳасига тўғри бормади.

Бундай мураккаб ва рақиб зич ҳимояланган ўйинда ким гол уриши мумкин? Бу худди Месси давридаги каби риторик савол. Фақат ҳозирда «Барса»нинг ўнг қанотида бошқа доҳий футболчи ҳаракатланмоқда, ушбу чапоёқли футболчи шунчаки тўпни олади, оддий ҳаракат билан марказга юради ва бир-биридан чиройли голларни уради. Ямалнинг йўлидан қанча рақиб чиқишининг аҳамияти йўқ. Пайшанба куни эса негадир уни фақат бир футболчи қарши олди (яна икки ҳимоячи жарима майдони ичида қолганди ва пайтни бой берди) ва тўп олис «тўққизлик»ка михланди.

17 ёшли вундеркинд, агар вазият имкон берса, қаршисидаги икки рақибни ҳам, ҳатто уч нафарини ҳам алдаб ўтиб, ўзига фол ишлатилганда ҳам оёқда тура олади. Натижада Кабрера уни қорнига мушт билан туширишдан ўзини тия олмади. VAR эса вазиятни беэътибор қолдирмади ва бош ҳакамни мониторга таклиф этди, арбитр вазият такрорини кўргач, уругвайлик ҳимоячини кийим алмаштириш хонасига жўнатди.

Сон жиҳатдан кўп бўлиб қолганидан кейин «Барса» ортиқча куч сарфламай, ғалабали ҳисобни ушлаб қолишга ўйнади, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда яна Ямал ўзини кўрсатди ва Фермин Лопесни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди — 2:0.

Бу ғалабадан кейин каталонияликлар ҳисобидаги очколари сонини 85 тага етказди ва муддатидан олдин ўз тарихидаги 28-чемпионликни нишонлайдиган бўлди.

Шиддатли пойга

2024/25 йиллар мавсуми Испаниядаги энг қизиқарлиларидан бири бўлди — пешқадамлар бир неча бор жойларини ўзгартиришди, чемпионликка учала гранд клуб ҳам даъвогарлик қилди: «Реал», «Барселона» ва «Атлетико». Аммо айнан каталонияликлар пойгада энг кўп вақт давомида етакчилик қилишди — улар жами 26 турда биринчи ўринда бўлишди.

Шу билан бирга, қишда Ҳанси Флик жамоасининг чемпионлиги катта савол остида қолганди — ўшанда бунга ишониш қийин эди. Мини-кризис туфайли 18-тур арафасида «Барселона» биринчи ўриндаги жамоадан саккиз очкога ортда қолаётганди — ўшанда «Реал» (биринчи ўрин, 43 очко) ва «Атлетико» (иккинчи ўрин, 41 очко) жамоаларининг чемпионлик учун имкониятлари анча юқори баҳоланаётганди.

Аммо Мадрид клублари ўз мухлисларини барқарор ўйин билан хушнуд этолмади. «Барселона» эса қиш охирларига келиб биринчи  ўринга қайтиб олди ва шундан кейин бу ўриндан пастга тушмади, «Реал» ва «Атлетико» эса навбати билан чемпионлик пойгасини тарк этди. Қишда саккиз очкога ортда қолган каталонияликлар баҳорда етти очкога ўзиб кетиб, ла лига тарихидаги энг ёрқин камбэклардан бирини амалга оширди.

Класиколар эгаси

Чемпионатдаги ғалаба — ёқимли, аммо бу сафарги кампания «Барселона» тарихига «Реал» устидан тўлиқ устунлик қилинган мавсум сифатида киради. 2024/25 йиллар мавсумида мухлислар тўрт класикога (лигада иккита, Кубок ва Суперкубокда биттадан ўйин) гувоҳ бўлишди ва ҳар сафар каталонияликларнинг қўли баланд келди.

2024/25 йиллар мавсумидаги класиколардаги натижалар:

2024 йил, 26 октябр. Ла лига. «Барселона»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси;
2025 йил, 12 январ. Испания Суперкубоги. «Барселона»нинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси;
2025 йил, 26 апрел. Испания Кубоги финали. «Барселона»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси;
2025 йил, 11 май. Ла лига. «Барселона»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси;

Нафақат чемпионлик пойгасидаги ғалаба, балки азалий рақиб устидан тўлиқ устунлик — «Барселона» фанатларини икки карра хурсанд қилади.

«Барселона»нинг бу мавсумдаги натижаси янада ёрқинроқ бўлиши мумкин эди, аммо ёш жамоа Чемпионлар лигаси яримфиналида икки учрашув натижасига кўра «Интер» (3:3, 3:4) тўсиғидан ўтолмади. Испаниядаги илк мавсумида ички треблга эришган Ҳанси Флик энди кейинги мавсумда ҳақиқий треблга эришишни мақсад қилади.

Мавзуга оид