Жаҳон | 21:55 / 13.06.2025
7495
2 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Эронга ҳужумидан кейин АҚШ ҳарбий кемаларини Яқин Шарққа юборди

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари USS «Томас Хаднер» кемасини Шарқий Ўртаер денгизига жўнатган.

Фото: shipshub.com

Америка Қўшма Штатлари Исроил ҳужумига Эроннинг эҳтимолий жавобига тайёргарлик кўриш мақсадида Яқин Шарққа ҳарбий техникани, жумладан, кемаларни юбормоқда, деб хабар берди AP.

Жумладан, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари USS «Томас Хаднер» кемасини Шарқий Ўртаер денгизига жўнатган.

Шунингдек, яна бир кема жанговар тайёр ҳолатга келтирилган, Оқ уй талабига кўра, у исталган вақтда Яқин Шарққа сузиши мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ президенти Доналд Трамп Миллий хавфсизлик кенгаши билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказган. Яна қўшимча қарорлар қабул қилиниши мумкин.

13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эронга йирик ҳаво ҳужуми уюштирди ва ядровий иншоотлар билан ракета обектларидан тортиб, юқори мартабали амалдорлар ва олимларнинг қароргоҳларигача бўлган ўнлаб нишонларга зарба берди. Ҳалок бўлганлар орасида Эрон қўмондонлари ва муҳим олимлар бор эди.

Бунга жавобан Эрон Исроил ҳудудига юзлаб дронларни учирди, аммо уларнинг барчаси уриб туширилгани таъкидланмоқда.

Мавзуга оид