Оятуллоҳ Хоминаий Исроилга «қаттиқ жазо» билан таҳдид қилди
Ислом Республикаси олий раҳбари Исроил «ўзининг жирканч характерини кўрсатиб, Эронга қарши жиноят содир этгани»ни, энди Исроилни «аччиқ қисмат» кутаётганини таъкидлади.

Фото: AP
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Исроилни Ислом Республикасига зарба бергани учун кескин қоралади ва бунинг учун оқибатлар билан таҳдид қилди. Унга кўра, Исроил «ўзининг жирканч характерини кўрсатиб, Эронга қарши жиноят содир этган». Шунинг учун Исроил «қаттиқ жазо» олади, дея Хоминаийнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Эрон ОАВ.
«Бу ҳужум билан сионистик режим ўзи учун аччиқ қисматни таъминлади, бунга албатта тайёргарлик кўриши керак», дея қўшимча қилган оятуллоҳ.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 13 июн, жумага ўтар кечаси Эрон ҳудудига «огоҳлантирувчи зарба» берди, шундан сўнг Исроил ҳаво ҳудудини ёпди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, зарбалар Эрондаги ядровий дастур ва бошқа ҳарбий объектларга алоқадор ўнлаб нишонларга қаратилган.
13 июн куни эрталаб ЦАҲАЛ Эронда бир кечада 100 дан ортиқ нишонга зарба берилганини маълум қилди. Операцияга 200 қирувчи самолёт жалб қилинган.
Бундан ташқари, ОАВ хабарларига кўра, Ислом Республикасидаги ҳарбий ва илмий раҳбариятга ҳужум қилинган. Хусусан, зарбалар натижасида Эрон ыуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, эронлик ядро соҳасидаги олимлар Фариддун Аббосий-Давоний ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ҳалок бўлгани маълум қилинган. Эрон матбуотига кўра, оятуллоҳ Хоминаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний оғир яраланган.