Жаҳон | 14:05 / 22.06.2025
4790
10 дақиқада ўқилади

Хитой ва Россиянинг «сахийлиги», токсиз Бишкек ва «Росатом»га берилган АЭС

Хитой Марказий Осиёга 1,5 млрд юань миқдорида беғараз грант ажратади, Россия эса Тожикистоннинг қарийб 300 миллион долларлик қарзидан кечди. Қозоғистон АЭС қуришни барибир Россияга топширмоқда, Хитой-Франция-Корея вариантлари рад этилди. Қирғизистон пойтахти тўлиқ электрдан узилиб қолди, парламент йиғилиши зулматда ўтказилган. Тожикистон президенти ҳамкасбларига музлар эриб кетаётганидан хавотирини билдирди. Туркманистон Эрондан фуқаролари ва дипломатларини олиб чиқмоқчи бўлганларга ёрдам бериб, чегарасини очиб қўйди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хитой грант ажратади

Хитой Марказий Осиё давлатлари учун 1,5 млрд юань, яъни тахминан $209 млн доллар беғараз грант ажратади. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бундан ташқари, Хитой яқин икки йил ичида МОга касбий тайёргарлик курслари учун 3 мингта квота ажратмоқчи.

Бу ҳақида Хитой раиси Си Цзинпин шу ҳафта Остонада ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида эълон қилди.

“Биз шу йили Марказий Осиё мамлакатларига аҳоли фаровонлигини ошириш ва ўз тараққиётига кўмаклашиш бўйича бешта мамлакатнинг муҳим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 1,5 миллиард юань миқдорида беғараз грант тақдим этишга тайёрмиз”, — деган Хитой раиси.

Қозоқ нашрларининг ёзишича, Си Цзинпин Хитой университетларида Марказий Осиё мамлакатлари тилларини ўрганиш курсларини очишни ҳам таклиф қилган. 

Хитойнинг бу беш мамлакат билан савдоси қарийб 100 млрд долларга етди. The Astana Times’нинг ёзишича, 2023 йилда Циан шаҳридаги саммитдан бери минтақанинг Хитой билан савдоси 35%га кўпайган. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони эса 10 мингдан ошган.

Қозоғистон президентига кўра, айни пайтга келиб Хитой ва Марказий Осиё алоқалари абадий стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

Си Цзинпиннинг қўшимча қилишича, Хитой беш давлатда жиноятчиликка қарши кураш ва киберхавфсизлик масалалари бўйича ҳам ёрдамини тақдим этади. Хитой халқаро адолатни ўрнатиш тарафдори, гегемонизмга қаршимиз, дейди Цзинпин.

Қирғизистон президенти ўз чиқишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли лойиҳасини эслатиб ўтган.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон яна музликларни сақлаш ҳақида гапириб, экология масалаларини кўтарган.

Президент Мирзиёев эса Марказий Осиё – Хитой узлуксиз савдо платформаси йўлга қўйилганини қўллаб-қувватлаган. Саммит абадий яхши қўшничилик шартномаси имзоланиши билан якунланган.

Россия Тожикистон қарзидан кечди

Хитой минтақага пул бераркан, Россия қарзлардан кечмоқда. Масалан, Путин Тожикистоннинг 300 миллион долларлик қарзидан кечди. Россия ва Тожикистон “Сангтўда ГЭС-1” қўшма корхонаси олдидаги электр энергиясини етказиб бериш бўйича тўпланган қарзни босқичма-босқич ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги битимни имзолади. Буни Тожикистон парламенти оммага эълон қилди.

Маълум қилинишича, Россия олдидаги қарзнинг умумий миқдори 300 миллион долларга тенг. Шу йил апрель ойи охирида Россия энергетика вазири ва Тожикистон энергетика вазири ҳужжат имзолаган. Ушбу ҳужжатда эса қарздорлик 2034 йилгача босқичма-босқич бекор қилиниши белгиланган.

Аслида Россия Тожикистон аҳолисининг электр энергиясини дотация қилмоқда. 670 МВт қувватга эга “Сангтўда ГЭС-1” мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 12 фоизини таъминлайди. Станция ишлаб чиқараётган энергиянинг ягона харидори “Барқи тожик” давлат энергетика ҳолдинги ҳисобланади.

Лойиҳанинг умумий ҳажми 847 миллион доллар. Инвестицияларни қайтариш муддати 20 йилдан 35 йилгача — 2048 йилгача узайтирилган.

Таъкидланишича, ҳужжат билан электр энергиясини сотиб олиш тарифлари масаласи ҳам тартибга солинди.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «сахийлиги» фақат Тожикистон учун эмас. Москва шу йилнинг баҳорида асосий иттифоқчиси – Беларус кредитлари муддатини ҳам чўзиб берди. Энди Беларус Россиядан олган қарзларини 12 йилгача кечиктириб тўлаши мумкин. Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ, Беларус қарзи бўйича тўловлар 2031 йилдан 2036 йилгача бўлган даврга кўчирилади. Қарзнинг умумий суммаси 800 миллион долларга баҳоланмоқда.

2023 йилда Россия Кубага ҳам иккита электр станцияси қурилиши учун ажратилган 1,2 миллиард евролик кредит тўловларини камида беш йилга кечиктирди. Бундан ташқари, Москва аллақачон Кубанинг 32 миллиард долларлик қарзидан ҳам воз кечган.

Ўтган йили Россия Гвинея Бисаунинг 26,7 миллион долларлик қарзидан кечди, яна 940 минг доллари қайта тузилади. Шундай чоралар аввалроқ Сомалига нисбатан ҳам кўрилган, унга 691 миллион долларни қайтармасликка рухсат берилганди. Умуман олганда, Россия Африка давлатларининг 20 миллиард долларлик қарз мажбуриятларини бекор қилган.

Зулматда қолган Бишкек

Бишкекда блэкаут содир бўлиб, пойтахт электрсиз қолди. 18 июнь куни Бишкек электр таъминотида кенг кўламли узилиш содир бўлди. Давлат энергетика вазирлигига кўра, 18 июн куни Бишкекка хизмат кўрсатувчи йирик нимстанцияда авария юз берган. Оқибатда шаҳар электр таъминотидан узилиб қолди. Маҳаллий матбуотга кўра, кўпгина ҳудудларда сув таъминоти йўқолди, чунки насос станциялари ҳам электр энергияси билан ишлайди. Баъзи уяли алоқа операторлари алоқадан ва интернетдан фойдаланиш имкониятини чеклади.

Жогорку Кенеш, яъни парламент сессияси зулматда ўтказилди. Депутатлар Адлия масалалари бўйича кенгаш аъзоларини қоронғида сайлашга мажбур бўлди.

Бишкек шаҳри ИИБ бутун шахсий таркибни, шу жумладан иккинчи сменани ҳам оёққа турғазган. Ходимлар шаҳардаги чорраҳаларда ҳаракатланишни тартибга солиш учун йўналтирилди. Банк иловалари ишламай қолди, касса аппаратлари ишламаётгани учун дўконлар фаолияти ҳам тўхтаган. Кечга яқин электр энергияси таъминоти тикланди.

Қозоғистонда АЭСни барибир Россия қуради

Қозоғистон биринчи атом электростанциясини қуришни барибир Россияга топширишга қарор қилди. Ўтган йили бу борада қўшни давлатда референдум ўтказилиб, АЭС қуришни халқ маъқуллаган эди. Бироқ бу энергетик иншоотни ким қуради, деган савол ҳали-ҳануз муҳокамада эди. Вариантлар ичида Россиядан ташқари, Хитой, Корея Республикаси ва Франция бор эди. Фаоллар Франция ва Корея вариантларини сиёсий шартларсиз бўлгани учун кўпроқ қўллаган, бироқ якуний қарорга кўра АЭСни РосАтом қурадиган бўлди.

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича халқаро консорциум етакчиси деб топилган. Буни Қозоғистон Атом энергияси агентлиги тасдиқлади.

Шунинг билан мамлакат ўзининг биринчи атом электр станциясини қуриш учун ҳамкор танлашни якунлади. Хитой, Франция ва Кореянинг таклиф этилган компаниялари ҳам материалларнинг тўлиқ тўпламини — тахминий нарх ва амалга ошириш муддатларидан тортиб маҳаллийлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва ядро-ёқилғи циклида иштирок этиш сценарийларигача тақдим этган эди.

Идоралараро комиссия барча аризаларни интеграциялашган баҳолашни кўриб чиқиб, «Росатом» таклифларини Қозоғистон учун энг мақбул ва фойдали деб топган. Хитой компанияси таклифи иккинчи ўринни, Франция учинчи, Корея компанияси эса тўртинчи ўринни эгаллади.

Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Саткалиевнинг айтишича, Қозоғистон Хитой билан алоҳида – иккинчи АЭСни қуриш бўйича ҳамкорлик қилмоқчи. Бу борада Хитой томони билан алоҳида музокаралар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бошқа таклифларсиз ҳам «Росатом» билан АЭС қуришни танлаган.

Туркманистон Эрондан эвакуацияга ёрдамлашди

Эрон-Исроил уруши оқибатида фуқароларини Эрондан олиб чиқувчи давлатларга Туркманистон ёрдам кўрсатмоқда, аниқроғи қўшни давлатларга. Масалан, Ўзбекистон ўз фуқаролари ва дипломатларини Туркманистон орқали эвакуация қилди. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлардан 120 нафарга яқин фуқаролар Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтган. Яъни, Туркманистон орқали ўз юртига чиқиб кетган.

Етиб келганлар транспорт, озиқ-овқат, меҳмонхоналар, энг зарур маҳсулотлар билан таъминланган.

Гуманитар миссияни амалга ошириш доирасида Туркманистоннинг тегишли давлат органлари хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпти.

Вазирлик Туркманистон инсонпарварлик, халқаро ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлигини амалда тасдиқлашини билдирди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги эса 30 дан ортиқ фуқароларини Туркманистон ва Озарбойжон орқали Эрондан олиб чиққанини эълон қилиб, икки давлатга миннатдорлик билдирди.

«Толибон» Хитой билан нефть шартномасини бекор қилди

Маҳаллий афғон нашрларига кўра, Кон ва нефть вазирлиги Хитой компанияси билан 25 йиллик нефть шартномасини бекор қилган. Гап Амударё нефть конини қазиб олиш бўйича эришилган шартнома ҳақида кетмоқда. У Хитойнинг Афчин компанияси билан 25 йилга тузилган эди. «Толибон» мазкур компанияни шартнома шартларини бир неча бор бузганликда айблаган.

Шартнома бузилиши ҳолатларини текшириш учун қўшма комиссиялар тузилди, натижада бу комиссиялар Афчин компаниясининг бир неча бор қоидабузарликларга йўл қўйганини ва ўз мажбуриятларини бажармаганини аниқлади, дейилади Афғонистон Кон ва нефть вазирлиги баёнотида.

«Толибон» Афчин билан тузилган шартноманинг ҳуқуқий жиҳатларини кўриб чиқиш ва ҳисоб-китобларни аниқлаштириш учун халқаро консалтинг компанияларига мурожаат қилмоқчи.

Шартномани имзолаш чоғида «Толибон» Хитой компанияси бир йил ичида 150 миллион доллар ва кейинги уч йилда 450 миллион доллар сармоя киритишини айтганди. «Толибон»га кўра, Сарипул ва Фарёб вилоятларида жойлашган Амударё нефть ҳавзасида 4500 квадрат километр майдонда 87 миллион тонна тасдиқланган нефть бор.

Мавзуга оид