Жаҳон | 13:06 / 24.06.2025
2781
2 дақиқада ўқилади

Россия тунда 97 та дрон билан Украинага ҳужум қилди

Украина ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россиянинг 78 та учувчисиз учоғи зарарсизлантирилди. Россия зарбалари натижасида Суми вилоятида уч киши ҳалок бўлди. Харкивда жароҳатланганлар бор.

Фото: Stringer/REUTERS

Украинага қарши ҳарбий тажовузини 4 йилдан бери давом эттираётган Россия кучлари кечаси 97 дона Shahed типидаги ҳужумкор учувчисиз учоқ ва турли дрон-имитаторлардан фойдаланган ҳолда қўшни давлатга янги зарбалар берди. Ҳужум Ростов вилоятининг Орел, Миллерово, Краснодар ўлкасининг Курск, Приморск-Ахтарск, шунингдек, Қримнинг Чауда ҳудудидан амалга оширилди, деб хабар берди Украина ҳаво кучлари 24 июн, сешанба куни Telegramʼда.

Шу билан бирга, Украина қўшинлари мамлакат шарқи, жануби ва шимолида Россиянинг 78 та дронини зарарсизлантиришга муваффақ бўлди. «Душманнинг учувчисиз учоқларининг зарбалари олтита жойда қайд этилган», — дея қўшимча қилди Украина Қуролли кучлари.

Харкивда тунги зарбалар натижасида камида уч киши, жумладан, 15 ёшли қиз тан жароҳати олди, деди Харкив ВҲМ раҳбари Олег Синегубов. Портлашлар шаҳарнинг Немишлянский ва Салтовский туманларида қайд этилган.

Суми вилоятида Россия ҳужуми натижасида уч киши — эркак, аёл ва саккиз ёшли бола ҳалок бўлди, деб ёзди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоров Telegramʼда.

Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги Россиянинг марказий минтақаларида Украинанинг 20 та учувчисиз учоғи тутиб олингани ҳақида хабар берди. 14 та дрон Курск вилояти ҳудудида, 2 таси Москва вилоятида, биттадан Белгород, Брянск, Орел ва Смоленск вилоятлари устида йўқ қилинган, дейилади идора маълумотида.

Мавзуга оид