Бали соҳиллари яқинида паром чўкиб кетди
Тўрт киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган.

Фото: Видеодан кадр
Индонезиянинг Бали ороли соҳилларида паром чўкиб кетиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар бедарак йўқолди.
Маҳаллий қутқарувчилар маълумотларига кўра, чоршанба куни кечқурун чўкиб кетган кема бортида жами 65 киши – 53 нафар йўловчи ва экипажнинг 12 аъзоси бўлган.
Паром Шарқий Явадан Бали оролига ҳаракатланаётганди.
«23 киши қутқарилди, тўрт киши ҳалок бўлди», – деди AFP агентлигига Ява оролидаги Банюванга шаҳри полицияси бошлиғи Рам Самтама Путра.
Ҳалокат сабаблари номаълум.
Маълумотларга кўра, воқеа паром Ява оролидан жўнаб кетганидан тахминан 25 дақиқа ўтиб содир бўлган.
Паром оператори маҳаллий ОАВга маълум қилишича, ҳалокатдан бироз олдин кема экипажи двигателда носозлик борлиги ҳақида хабар берган.
Ушбу йўналиш кўпинча Ява ва Бали ороллари ўртасида саёҳат қилувчи маҳаллий аҳоли томонидан фойдаланилади.
Паром бортида транспорт воситалари, жумладан, юк машиналари ҳам бор эди.