Жаҳон | 15:24 / 09.07.2025
1256
2 дақиқада ўқилади

Давлат думаси ФСБга ўз тергов ҳибсхоналарига эга бўлиш ҳуқуқини қайтарди

Россия ФСБ тизимида тергов ҳибсхоналарини қайта ташкил этиш тўғрисидаги қонун Давлат думаси томонидан якуний ўқишда қабул қилинди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, бу махсус хизматларга гумонланувчилардан иқрорномаларни тезроқ олиш имконини беради.

Фото: Максим Стулов / Ведомости

Россия Федерацияси Давлат думаси Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) тизимида тергов ҳибсхоналари (СИЗО)ни қайта ташкил этиш тўғрисидаги федерал қонунни якуний ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 8 июл, сешанба куни Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси Василий Пискарев Telegramʼда маълум қилди.

Қонунга кўра, «давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар»да айбланганлар ФСБ юрисдикциясидаги тергов ҳибсхоналарида сақланади.

Пискаревнинг сўзларига кўра, шу тариқа тергов қилинаётган «айғоқчилар ва террорчилар» бошқа айбланувчилар билан мулоқот қилишдан, шунингдек, «хорижий разведка идоралари ва террорчи ташкилотлар»нинг улар билан алоқа ўрнатишга уринишларидан «ҳимоя қилинади».

Россияда 10 йил ичида — 2015 йилдан 2024 йилгача — давлатга хиёнат, жосуслик, терроризм ва экстремизмга оид моддалар бўйича қўзғатилган ишлар сони уч баробарга ошди. Бундай ишлар бўйича ҳибсда сақланаётган гумонланувчилар ва судланувчилар сони тўрт баробарга кўпайди, деди Пискарев.

ФСБга еттита тергов ҳибсхонаси қайтарилиши кутилмоқда: Москвада иккита ва Санкт-Петербург, Ростов-Дон, Краснодар, Владикавказ ва Челябинскда биттадан.

Мавзуга оид