Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроиллик вазир Маъбад тоғида ибодат қилди. Бу эса кўп йиллик келишув бузилишидир
Ултрамиллатчи ҳисобланган Итамар Бен-Гвир ўша ердан туриб Ғазо секторини босиб олишга даъват қилди.

Фото: Getty Images
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир якшанба куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига ташриф буюриб, у ерда ибодат қилди. Бир неча ўн йил олдин мусулмонлар билан тузилган ва ҳозирда амалда бўлган норасмий келишувга кўра, Ал-Ақсо комплекси Иордан диний фонди бошқарувида бўлиб, яҳудийлар бу ерга ташриф буюриши мумкин, аммо ибодат қилиши мумкин эмас.
«Маъбад тоғи маъмурияти» деб номланган кичик яҳудий ташкилоти томонидан эълон қилинган видеода Бен-Гвир бир гуруҳ одамлар қуршовида комплекс бўйлаб сайр қилаётганини кўриш мумкин. Бошқа видеоларда у ибодат қилаётгани акс этган.
Ал-Ақсо масжиди мусулмонлар учун учинчи муҳим зиёратгоҳ, Маъбад тоғи эса яҳудийликдаги энг муқаддас жойдир.
Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Ал-Ақсо мажмуасини Иорданиядан тортиб олганди. Иордания ушбу жойнинг тарихий қўриқчиси ролини давом эттириш ҳуқуқини сақлаб қолган, Исроил эса хавфсизлик ва кириш назоратини ўз зиммасига олган.
Фаластинликлар таъкидлашича, сўнгги йилларда мажмуага келган яҳудийлар у ерда тез-тез ибодат қилишмоқда, Исроил полицияси эса уларга тўсқинлик қилмаяпти.
Исроилнинг расмий позицияси мажмуа ҳудудида мусулмон бўлмаганлар ибодат қилишини чекловчи қоидаларни тан олади. Бен-Гвирнинг ташрифидан сўнг бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроилнинг мажмуадаги статус-квони сақлаб қолиш сиёсати «ўзгармагани ва ўзгармаслиги»ни айтди.

JERUSALEM ISLAMIC WAQF / HANDOUT
Яҳудийлар Маъбад тоғи деб атайдиган мажмуага ташриф Тиша Бе-Ав куни, бир неча аср олдин бу ерда жойлашган иккита қадимий яҳудий ибодатхонаси вайрон бўлганини хотирлаш учун рўза куни бўлиб ўтди.
Қуддуснинг девор билан ўралган Эски шаҳар қисмидаги тепаликдаги мажмуани бошқарувчи «Вақф» жамғармаси хабар беришича, Бен-Гвир тоққа чиққан, ибодат қилган, қичқирган ва рақсга тушган 1250 киши орасида бўлган.
Миллий хавфсизлик вазири сифатида полицияга раҳбарлик қилаётган ултрамиллатчи Бен-Гвир бу ерга аввал ҳам ташриф буюрган, бироқ Times of Israel нашри ёзишича, у Маъбад тоғида биринчи марта ибодат қилган. Мажмуага ташрифи давомида унга полициячилар ҳамроҳлик қилди.
Бен-Гвир ўз баёнотида Исроилнинг Ғазодаги урушда Ҳамас устидан ғалаба қозониши ва жангарилар томонидан гаровга олинган исроилликларни қайтариш учун ибодат қилганини айтди. У Исроилни бутун анклавни босиб олишга чақирган чақириғини такрорлади.
«Айнан шу ердан, Исроил суверенитети имкониятини исботлаган жойимиздан туриб бутун Ғазони босиб олиш, сектор устидан Исроил суверенитетини эълон қилиш, Ҳамаснинг ҳар бир аъзосини йўқ қилиш ва фаластинликларнинг Ғазони ўз ихтиёри билан тарк этишига имкон беришимиз ҳақида сигнал жўнатишимиз керак», – деган у X тармоғига жойлаштирган видеомурожаатида.
У бу видеомурожаатини мусулмонлар учун муқаддас қадамжолардан бири бўлган Қуббат ас саҳра фонида суратга олган.
Исроилнинг Ал-Ақсо мажмуасидаги қоидаларни ўзгартириши ҳақидаги тахминлар мусулмон дунёсида кескин норозилик уйғотмоқда, ўтмишда бундай ҳаракат зўравонлик ҳолатларига сабаб бўлган, аммо бу сафар бундай ҳолатлар ҳақида хабар келишб тушмади.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рудейне Бен-Гвирнинг «барча қизил чизиқларни кесиб ўтган» ташрифини қоралади.
«Халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШ маъмурияти Ал-Ақсо масжидида муҳожирларнинг жиноятлари ва ўта ўнг ҳукуматнинг провокацияларига чек қўйиш, Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш ва гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун зудлик билан аралашиши керак», – деди у.
Иордания Бен-Гвирнинг сўнгги ташрифини «йўл қўйиб бўлмайдиган провокация» деб атади.
Мавзуга оид

17:30
“ҲАМАС Ғарб талаб қилган демократик сайлов йўли билан ҳокимиятга келган эди” – сиёсатшунос

11:04
Исроилнинг Ғазодаги тажовузи қурбонлари сони 60 мингдан ошди

09:39
Вадефул исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлигини қоралади

23:57 / 01.08.2025