Иқтисодиёт | 07:17
5617
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи марта тунги ёруғлик асосида иқтисодий фаоллик баҳоланди

Таҳлил сунъий интеллект технологиялари асосида амалга оширилди. Ушбу ёндашув халқаро амалиётда фаровонлик даражасини баҳолаш ҳамда маҳаллий ривожланишни аниқ ва мустақил тарзда ўлчашнинг тезкор вазифаси сифатида қўлланилади.

Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази NASA тунги ёруғлик (NTL) маълумотлари асосида биринчи марта Ўзбекистондаги вилоятлар ва шаҳарлар даражасидаги иқтисодий фаолликни баҳолаш учун фойдаланди.

Қайд қилинишича, таҳлил сунъий интеллект технологиялари асосида амалга оширилган. Ушбу ёндашув халқаро амалиётда фаровонлик даражасини баҳолаш ҳамда маҳаллий ривожланишни аниқ ва мустақил тарзда ўлчашнинг тезкор вазифаси сифатида қўлланилади.

Натижалар сунъий йўлдош маълумотлари ва расмий статистика ўртасида юқори даражада мослик мавжудлигини тасдиқлайди. Хусусан, 2020–2024 йиллар даврида NTL маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 63,5 фоизга ўсиб, 2011 доллардан 3287 долларга етган. Бу кўрсаткич расмий статистикада қайд этилган 59,4 фоизлик ўсиш билан деярли мос келади.

Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, ўтган 5 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 3,2 минг долларга ошиб, 7,2 минг долларга етган. Пойтахтнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Миробод, Яккасарой ва Юнусобод туманларида бу кўрсаткич 9 минг доллардан ошган бўлиб, мамлакатдаги йирик шаҳарлар бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли 2 баробар юқоридир.

2024 йилда шаҳарлар кесимида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ энг юқори кўрсаткичлари Навоий (8,3 минг доллар), Зарафшон (6,8 минг доллар), Самарқанд (5,7 минг доллар), Қўқон (5,6 минг доллар), Андижон (5,1 минг доллар), Янгийўл (5 минг доллар) ва Қарши (4,8 минг доллар) шаҳарларида қайд этилди.

Шунингдек, Термиз (4,5 минг доллар), Урганч, Марғилон, Каттақўрғон (4,3 минг доллар) ва Чирчиқ (4 минг доллар) каби кичик ва ўрта шаҳарларда ҳам юқори иқтисодий фаоллик кузатилмоқда.

Шу билан бирга, тунги ёруғлик маълумотларидан фойдаланиш орқали туманлар кесимида урбанизация даражаси ҳам баҳоланди. Хусусан, 2020–2024 йиллар давомида шаҳар агломерацияларига хос бўлган тунги ёруғлик даражаси (NTL кўрсаткичи ўндан юқори) юқори бўлган ҳудудлар сони 21 тадан 26 тагача ошди.

Ўз навбатида, кам ёруғликка эга бўлган қишлоқ туманлари сони 129 тадан 102 тага камайди. Шу тариқа, 27 та туманда шаҳар типидаги ривожланиш йўналишига ўтиш кузатилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар даражаси ҳанузгача ўртача миқёсда сақланиб турганига қарамасдан, сўнгги йилларда шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва ишбилармонлик фаоллигининг ортиши кузатилмоқда.

Мавзуга оид