Иқтисодиёт | 18:16 / 25.04.2025
2566
3 дақиқада ўқилади

3,6 млрд долларлик олтин сотуви ва 9 баробардан кўпроққа қисқарган газ импорти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон 94 млн долларлик газ экспорт қилиб, 38 млн долларлик импортни амалга оширди. Газ сотиш 2,5 баробарга ошган бўлса, сотиб олиш 9,3 баробаргача камайган. Шунингдек, ҳисобот даврида 3,57 млрд долларлик олтин сотилди. Бунинг натижасида ташқи савдодаги салбий салдо 1,08 млрд долларгача қисқарган.

Foto: Getty Images

2025 йил январ-март ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 17,3 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1 млрд 371 млн долларга ёки 8,6 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 8,1 млрд доллар (+24,4 фоиз), импорт ҳажми эса 9,2 млрд доллар (-2,3 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 1,08 млрд долларгача қисқарган. 

Биринчи чоракда ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17,5 фоиз), Россия (14,9) Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,5 фоиз) ва Жанубий Корея (2,4 фоиз) билан қайд этилган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 3 млрд 570 млн долларлик олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 44 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (11,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (5,8 фоиз), кимёвий воситалар (5,2 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (3,5 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (10,9 фоиз), ХХР (5,6 фоиз), Афғонистон (3,9 фоиз), Қозоғистон (3,8 фоиз), Туркия (3,1 фоиз), Франция (2,7 фоиз), БАА (1,8 фоиз), Тожикистон (1,3 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,2 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 35,4 фоизни ташкил этади.

Мамлакат ичида газ танқислиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётганига қарамай экспорт ошишда давом этяпти. Биринчи чоракда 94 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга кўп. Бундан ташқари, 109 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (-15,7 фоиз), 49 млн долларлик электр токи (+12,6 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.

Ҳисобот даврида қарийб 77 млн долларлик автомобил сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 21,2 фоизга кам. Шунингдек, 629 долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (35,1 фоиз), саноат товарлари (16,2 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,1 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:

  • Хитой – 27,9 фоиз;
  • Россия – 18,4 фоиз;
  • Қозоғистон – 7,8 фоиз;
  • Жанубий Корея – 4,4 фоиз;
  • Туркия – 3,9 фоиз;
  • Германия – 3,4 фоиз;
  • Ҳиндистон – 2,7 фоиз.

Эътиборга молик жиҳати, газ импорти кескин қисқарган. Биринчи чоракда 38 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг атиги 11,7 фоизини ташкил этади. Шунингдек, автомобил олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январ-март ойлари давомида 671 млн долларлик (-30,7 фоиз) машина импорт қилинган.

Мавзуга оид