Ўзбекистон | 21:14 / 01.05.2025
1553
5 дақиқада ўқилади

1 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган АҚШ маъмурияти, электромобиллар учун ошган утилизация йиғими, Самарқандда ўтказилиши қолдирилган «Марказий Осиё – Кўрфаз давлатлари» саммити — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп маъмурияти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди

АҚШ расмийлари президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган 131 кишини депортация қилиш бўйича амалиётни ташкил этгани ва молиялаштиргани учун миннатдорлик билдирди.

Марказий осиёликларни олиб қайтаётган рейс Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги келишув доирасида амалга оширилди.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини қайтариш харажатларини тўлади, таъкидланишича, бу президент Доналд Трамп лавозимга киришганидан бери хорижий ҳукумат билан биринчи шундай келишувдир.

АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш учун чартер рейс ташкил этган Ўзбекистон президентини алоҳида эътироф этди.

«Биз Шавкат Мирзиёевга 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш учун самолёт жўнатишга раҳбарлик қилгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутамиз», – дейди америкалик расмий.

Электромобиллар учун утилизация йиғими ошди

Бош вазир 31 январда имзолаган қарорга асосан бугундан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун 45 млн сўм утилизация йиғими ундирилмоқда. Бу – шу кунгача амалда бўлган йиғим миқдоридан 4 баробарга кўп.

Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган электромобиллар учун эса утилизация йиғими миқдори БҲМнинг 210 баравари — 78,75 млн сўм этиб белгиланган. Ўз навбатида бу – эски йиғим миқдоридан 2,3 баробарга кўп.

«Марказий Осиё – Кўрфаз давлатлари» саммити қолдирилди

5 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» форматидаги саммит номаълум муддатга қолдирилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам ушбу хабарни тасдиқлади. Маълум бўлишича, саммит — томонларнинг ўзаро келишувига биноан кейинги муддатларга қолдирилган.

«Томонлар янги санани ўзаро маслаҳатлашувлар асосида белгилаш бўйича ишламоқда. Саммитнинг ўтказилиш санаси ва бошқа тафсилотлар ҳақида қўшимча равишда маълумот берилади», дейилади ТИВ баёнотида.

Тошкентдаги ёнғинда икки киши ҳалок бўлди

Пойтахтнинг Қўшбеги кўчасида жойлашган Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги синтепон ишлаб чиқариш цехида ёнғин рўй берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ёнғин бартараф этилгандан сўнг жойни ўрганиш давомида икки фуқаронинг жасадлари аниқланган. Шунингдек, 5 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага юборилган. Ёнғин ишлаб чиқаришда технологик жараён бузилиши натижасида юзага келгани тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбар ходимлари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, прокуратура масъул ходимлари чиқишган.

Президент Хоразмга борди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Хоразм вилоятига борди.

Ташриф чоғида давлат раҳбари Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси билан танишди, шунингдек, бу борада ўтказилган очиқ тендерда ғолибликни қўлга киритган Жанубий Корея компанияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, ICAO талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.

Шундан сўнг президент Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда қурилаётган Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди, шаҳарча марказидан ўрин оладиган Ал-Хоразмий ҳайкали лойиҳаси билан танишди. Ҳайкал шаҳарчада барпо этилаётган 20 гектарлик боғнинг кириш қисмида ўрнатилади. Унинг баландлиги 22 метр, пойдевори билан бирга 30 метрдан зиёд бўлади.

Мавзуга оид