Иқтисодиёт | 18:46 / 01.05.2025
1779
2 дақиқада ўқилади

АҚШ компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасини бошқаришга киришди

Franklin Templeton компаниясининг устувор вазифаларидан бири Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларини Тошкент фонд биржаси ва етакчи халқаро платформаларда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш бўлади.

Фото: Getty images

Американинг Franklin Templeton инвестиция компанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармасини (UzNIF) расман бошқаришга киришди. Унинг устувор вазифаларидан бири UzNIF акцияларини Тошкент фонд биржаси ва етакчи халқаро платформаларда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш бўлади.

UzNIF иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакат капитал бозорини ривожлантириш мақсадида президентининг 2024 йил 27 августдаги қарори билан ташкил этилган бўлиб, 18 та асосий давлат корхонаси, жумладан, банклар ва йирик саноат компанияларининг 20 фоиздан 40 фоизгача миноритар улушларига эга. Жамғарма активларининг умумий қиймати 1,68 миллиард долларга баҳоланмоқда. Давлат ушбу жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланади.

UzNIF бошқарувига ўтказилган давлат корхоналари ва уларнинг мол-мулкидаги улушлари рўйхати:

- «Навоийазот», 25%;

- «Ҳудудий электр тармоқлари», 40%;

- «Иссиқлик электр станциялари», 25%;

- «Халқ банки», 30%;

- «Ўзбекгидроэнерго», 20%;

- Микрокредитбанк, 40%;

- «Ўзбектелеком», 25%;

- «Тадбиркорликни ривожлантириш банки», 25%;

- «Ўзбекистон ҳаво йўллари», 25%;

- Uzbekistan Airports, 25%;

- «Темирйўлинфратузилма», 25%;

- «Ҳудудгазтаъминот», 40%;

- «Тошшаҳартрансхизмат», 25%;

- «Ўзбекистон почтаси», 25%;

- «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», 40%;

- «Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси», 40%;

- «Ўзбекинвест», 20%;

- «Ўзсувтаъминот», 40%.

Franklin Templeton 1947 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган ва дунёдаги энг йирик активларни бошқариш компанияларидан биридир. Компания 1,4 триллион доллардан ортиқ қийматдаги активларни бошқаради, 30 дан ортиқ мамлакатларда ишлайди ва бутун дунё бўйлаб мижозларга хизмат кўрсатади. Компания ривожланаётган мамлакатларда шунга ўхшаш жамғармаларни бошқаришда катта тажрибага эга эканлигини таъкидлайди.

Мавзуга оид