Ўзбекистон | 15:14
935
1 дақиқада ўқилади

Польша Ўзбекистондан ҳайдовчиларни ишга жалб қилиш имконини ўрганмоқда

Ўзбекистон элчихонасида Польшанинг Mobilis компанияси бошқарув раиси Лукаш Тшаска билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш ва янги меҳнат бозорларини очиш масалалари кўриб чиқилди.

Польша вакилига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимизнинг қонуний меҳнат миграцияси йўналишида Жанубий Корея, Германия, Россия ва бошқа мамлакатлар билан йўлга қўйган халқаро тажрибаси, юртимиздаги касбга тайёрлаш бўйича мономарказлар фаолияти хусусида айтиб ўтилди.

Лукаш Тшаска Ўзбекистоннинг қонуний миграция йўналишидаги ислоҳотларини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Польша бозорида ҳайдовчиларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу сабабли компания мазкур бўш ўринларга Ўзбекистон фуқароларини жалб қилишга қизиқаётганини билдирди.

Учрашув якунида Польша Жамоат транспортлари савдо-саноат палатаси аъзоларидан иборат миссиянинг Ўзбекистонга сафарини амалга ошириш, тажриба лойиҳаси сифатида Ўзбекистондан 300 кишини автобус ҳайдовчиси лавозимига жалб қилиш, Mobilis компаниясининг офисини очиш ва бошқалар хусусида келишиб олинди.

Мавзуга оид