Жаҳон | 18:45 / 13.05.2025
1296
2 дақиқада ўқилади

Хитой Лотин Америкаси давлатларига 9,2 млрд доллар кредит ва визасиз режим таклиф қилди

Бундан ташқари, Пекин ҳар йили тажриба алмашиш учун Лотин Америкаси давлатлари сиёсий партияларининг 300 нафар аъзосини мамлакатга олиб келмоқчи.

Фото: REUTERS

Хитой ҳукумати Лотин Америкаси давлатларига 66 миллиард юан (9,2 миллиард доллар) миқдорида кредит тақдим этади. Бу ҳақда ХХР раиси Си Жинпинг «Хитой—Лотин Америкаси ва Кариб давлатлари» (CELAC) форумида маълум қилди.

Хитой етакчисининг таъкидлашича, мамлакат учун минтақада жойлашган давлатларда янада кўпроқ юқори сифатли маҳсулотларни импорт қилиш ниятида.

«Биз Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида инвестициялар оқими оширилишини рағбатлантирамиз», — дейди у.

2015 йилда ўтказилган CELAC форумида Хитой ушбу мамлакатларга 20 миллиард доллар миқдорида кредит таклиф қилганди. Хитойнинг минтақа билан савдоси жадал суръатларда ўсиб бормоқда, 2024 йилда унинг ҳажми биринчи мартда 500 миллиард доллардан ошган. Жорий форум доирасида Хитой соф энергетика, 5G алоқа, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва глобал хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш режасини маълум қилди.

Бундан ташқари, Пекин ҳар йили Лотин Америкаси давлатлари сиёсий партияларининг 300 нафар аъзосини тажриба алмашиш учун мамлакатга таклиф қилмоқчи. Шунингдек, Хитой ҳукумати Лотин Америкасининг бешта давлати фуқароларига ХХРга визасиз кириш ҳуқуқи тақдим этилишини маълум қилди.

Мавзуга оид