Ўзбекистон | 14:18
8800
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Kun.uz танқид қилган масала бўйича қонун лойиҳаси тайёрлашни буюрди

Президент Наманганда мактаб ўқувчиларига автомобилни ижарага бериш авж олганини танқид қилиб, оқибатда кўплаб ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётгани, ўлим ҳолатлари ҳам кўплигини айтди. Бундай қилмиш учун жавобгарлик кучайтириладиган бўлди. Аввалроқ Kun.uz бу мавзуда бир нечта танқидий материаллар эълон қилганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида, ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қоляпти. Ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълими соҳаси бўйича бўлиб ўтаётган селекторда айтиб ўтди.

Президент ички ишлар бошлиқлари, вилоят ва туман прокурорлари қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётганини айтди.

Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Наманганда мактаб ўқувчиларига автомобилни ижарага бериш “бизнеси” гуллаётгани ҳақида Kun.uz бир неча бор ёзганди. Хусусан, 17 апрел куни “Наманганда “бизнес”га айланаётган “езда” ва ҳалок бўлаётган болалар: масъуллар назоратни йўқотдими?” сарлавҳали мақола эълон қилинган.

Мақолада наманганлик мактаб ўқувчилари ижарага олинган машинада яна автоҳалокатга учрагани, машинасини бир неча соатга ижарага бериш орқали осон пул топаётганлар бу ноқонуний ишини ҳамманинг кўз ўнгида қилаётгани, вилоят ИИБ ва ЙҲХБ масъуллари эса негадир уларга нисбатан жиддий чора кўролмаётгани таъкидланган эди.

Кейинроқ вилоят ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев автомобилларни ижарага берувчиларнинг Telegram-гуруҳларида аъзоларнинг 90 фоизи ўқувчилар эканини айтганди.

Юқори синф ўқувчилари 8 соатгача вақтини телефонда ўтказяпти

Давлат раҳбарига кўра, ҳозирда 7-11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтини телефонда ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани мактаб директори ва муаллимни ҳам, ота-оналарни ҳам ўйлантириши зарур.

“Биз мактабгача ва мактаб таълими тизимида катта ўзгариш қила олдик. Лекин ҳали ечимини кутаётган кўплаб муаммолар бор”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мактабгача ва мактаб таълими вазрилигига бутун тизими билан “фавқулодда 90 кунлик” тартибида ишлашга ўтиш топширилди.

Ўтган йили 1,5 мингта мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг таълим дастури жорий қилинган, лекин ҳозир шундан 300 тасида замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари йўқ.

Шунингдек, икки йил олдин тармоқлар талаби асосида 289 та мактабнинг 10-синф ўқувчиларига 60 турдаги касбларни ўргатиш бошланган. Шундан 114 та мактабга тадбиркорлар бириктирилиб, 4 минг ўқувчи 2 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оляпти.

Деҳқонобод, Ғузор, Косонсой, Мингбулоқ, Уйчи, Гулистон, Сардоба, Ховос, Бойсун, Денов, Шўрчи, Музработ, Бувайда, Данғара, Ҳазорасп, Хонқа туманлари ҳокимларига биттадан мактабни ушбу тизимга мослаштириш топшириғи берилган эди. Лекин, улар касбга ўқитиш учун на зарур жиҳоз, на хом ашё олиб бергани танқид қилинди.

Мавзуга оид