Жамият | 15:52 / 16.05.2025
3411
1 дақиқада ўқилади

Андижонда 7 ёшли бола чуқурлиги 40 метр бўлган қудуққа тушиб кетди

Қудуқда сув бўлмаган. Бола қутқарувчилар ёрдамида қудуқдан соғ-саломат чиқариб олинган.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида ёш бола қудуққа тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат бугун, 16 май куни соат 11:00 да Қўрғонтепа туманидаги Ибн Сино маҳалласида содир бўлган. Ҳудуддаги уйларнинг бирида 7 ёшли бола эҳтиётсизлик оқибатида сувсиз, ҳозирда фойдаланишда бўлмаган қудуққа тушиб кетган. Қудуқнинг чуқурлиги 40 метр, диаметри 90 см бўлган.

Уй эгалари болани олиб чиқишда амалий ёрдам сўраб ФВБга мурожаат қилган. Манзилга зудлик билан етиб борган қутқарувчилар махсус техникалар ва анжомлар ёрдамида болани қудуқдан чиқариб олишган.

Айни вақтда боланинг аҳволи яхшилиги, тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида шифохонага олиб борилгани билдирилди.

Аввалроқ Фарғона вилояти Фарғона туманида ҳам 40 метрли қудуққа тушиб қолиб кетган фуқаро қутқарилганди.

Мавзуга оид