Иқтисодиёт | 11:48 / 11.06.2025
1383
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 6,7 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда

Прогноз кенг қамровли маълумотлар, жорий иқтисодий тенденциялар ва асосий тармоқлар ривожланишини кўрсатувчи юқори тезликдаги индикаторлар таҳлилига асосланган.

Фото: Shutterstock

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йилнинг 1-ярим йиллиги учун Ўзбекистонда ЯИМ ўсишини 6,7 фоиз даражасида прогноз қилмоқда

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) жорий даражаси прогнози илғор таҳлил усуллари ва халқаро тажрибани ўрганишга асосланган. Марказ иқтисодий кўрсаткичларни прогноз қилиш учун иқтисодиётдаги ўзгаришларга тез жавоб бериш ва келажакдаги тенденцияларни башорат қилиш имконини берувчи кенг қамровли маълумотларни таҳлил қилишга асосланган ноукастинг усулидан фойдаланади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти доимий ташқи хавф-хатарлар фонида барқарор ва мувозанатли ўсишни намойиш этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-март ойларида мамлакат ЯИМ 6,8 фоизга ўсди. Асосий ривожланиш драйверлари сифатида хизматлар соҳаси, саноат ва қурилиш саноати қайд этилди.

Бозор хизматлари 12,6 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 10,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 9,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,5 фоизга ошди, аҳолининг умумий даромадлари эса 9,8 фоизга ўсди.

Январ-апрел ойларида ташқи иқтисодий фаолликда ҳам ўсиш кузатилди: ташқи савдо айланмаси 24,6 млрд долларга етди (ўсиш 16,3 фоиз), экспорт ҳажми эса 35,1 фоизга ўсди ва 11,9 миллиард долларни ташкил этди, импорт эса 2,9 фоизга ўсди. Ташқи савдо балансининг манфий салдоси –846 млн долларгача қисқарди (ўтган йилнинг шу даврида –3,6 млрд доллар эди).

Жорий йилнинг апрел ойида марказ томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 1099 бирликни ташкил этди, бу март ойига нисбатан 9,9 фоизга ҳамда 2024 йилнинг апрел ойига нисбатан 22,3 фоизга сезиларли ошган.

Жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар, юқори инвестицион ва ташқи савдо фаоллигини ҳисобга олган ҳолда, марказ жорий йилнинг 1-ярим йиллиги якунида Ўзбекистонда ЯИМ ўсишини 6,7 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Иқтисодий ўсишнинг прогноз қилинган диапазони 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача.

Ўсишнинг асосий манбалари қуйидагилардан иборат бўлади: саноат ва хизматлар соҳасини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, шу жумладан, жорий йилнинг январь-март ойларида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 120 трлн сўмдан зиёдни ташкил этди, аҳолининг реал даромадлари ва истеъмол талабининг ўсиши, шунингдек, инфратузилмани такомиллаштириш ва ҳудудлараро интеграцияни ривожлантириш.

Қўшимча равишда, расмий чораклик маълумотлар эълон қилингунига қадар ЯИМ даражасини баҳолаш ва прогнозлаш мақсадида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илғор таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда таҳлил олиб борди. Google’даги қидирув сўровлари маълумотларига таянилган ҳолда, жорий йилнинг январ-апрел ойларида “бизнес ва саноат” йўналишида (+4,1 фоиз), “харидлар” бўйича (+7,6 фоиз) ҳамда “молия” соҳасида (+3,7 фоиз) қизиқишнинг ортиши кузатилди. Бу эса билвосита мамлакатда бизнес фаоллиги ва истеъмолчилар фаоллигининг ортиб бораётганини кўрсатади.

Апрел ойида янгиланган маълумотларга кўра, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг 2025 йилда ЯИМ ўсишини 6,6 фоиз даражасида прогноз қилмоқда, саноат ва хизматлар ҳиссасини қайд этмоқда. Халқаро валюта жамғармаси реал даромадлар ва ички талабнинг ўсишини таъкидлаб, ўз прогнозини 5,9 фоизга оширди. Шунингдек, Жаҳон банки истеъмол талаби, пул ўтказмалари ва инвестиция фаоллигига эътибор қаратган ҳолда ўсишни 5,9 фоизда кутмоқда.

Асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳафталик мониторингига асосланган марказ прогнози иқтисодиётга таъсир қилувчи ички ва ташқи омилларни ҳисобга олади. Бу ҳар чораклик расмий маълумотлар эълон қилинишидан олдин ЯИМ динамикасини эрта баҳолаш ва иқтисодий муҳитдаги ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш имконини беради.

Мавзуга оид