Ўзбекистон | 14:57 / 12.06.2025
2743
2 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиё кучли бўлиши керак” – Европарламент депутати

Kun.uz билан суҳбатлашган Европа парламенти депутати фикрича, Ўзбекистон ҳозирданоқ мустақиллигини ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак. Жаҳондаги геосиёсий вазият биздан ва Марказий Осиёдан кучли бўлишни талаб қилмоқда. Давлатчилигингизни асраш – конституцион мажбуриятингиздир, дейди Европарламент депутати Петрас Австревичиус.

Марказий Осиё журналистларидан иборат жамоа шу кунларда Брюсселда бўлиб, қатор учрашувларда қатнашмоқда. 11 июн куни Европа парламенти депутатлари ОАВ вакиллари билан мулоқот қиларкан, минтақа сиёсати, ҳаракатлари хусусида ўз фикрларини билдиришди. Марказий Осиё ва Афғонистонни ўрганиб келувчи депутат, иқтисодчи, асли литвалик дипломатга кўра, Россия дипломатияни тушунмайди. Шунинг учун, масалан, Ўзбекистон ҳам ҳозирданоқ Украина юзлашган можарога тайёр туриши керак.

- Сиз ҳозиргина Украина уруши ва можаро бўйича Марказий Осиё давлатлари позицияси ҳақида гапирдингиз. Ўзбекистон уруш дипломатия билан якунланишини истайди, умуман олганда сиз мана, Европарламентда туриб бу минтақанинг сиёсатини қандай кузатасиз?

“Биласизми, Россия жуда-жуда агрессор давлат. Россия ўзининг энг яқин қўшнисига агрессорлик қилди, яъни Украинага. Лекин Украина бизнинг ҳам қўшнимиз. Сиз ҳозир дипломатия дедингиз, қанақа дипломатия, Россия дипломатияни тушунадими? Яқин орада рус дипломатиясини кўрсатувчи ниманидир кўрдингизми? Қўшниларига қарши пропагандадан бошқа нарса йўқ. Мен ўйлайманки, кучли бўлишимиз керак. Бу Марказий Осиёга ҳам тааллуқли, сиз ҳозирдан ўзингизнинг миллий мудофаангизни кучли қилишингиз керак. Бу сизнинг конституционал масъулиятингиз ҳисобланади. Яна бир гап - мустақиллигингизни вақти келиб ҳимоя қилишга ҳам тайёр туринг, бу сизга бозордаги чегирма эмас. Сиз мустақил қолишингиз қарорини Кремлдан изламанг, улар эмас буни белгиловчи”, - дейди Европарламент аъзоси Австревичиус.

Мулоқот давомида Европарламент депутатлари Марказий Осиё мамлакатларининг БМТдаги Украина бўйича резолюцияга берган нейтрал овозларидан ҳайратда қолганини айтиб ўтишди. Яқиндагина Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Лениннинг ҳайкали олиб ташланди, лекин бу 30 йил аввал қилиниши керак бўлган иш эди, дейди Европарламентдагилар.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид