Хўжаободда профилактика инспектори пичоқланди. Қотил қидирилмоқда
Андижон вилояти Хўжаобод туманида оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилаётган 65 ёшли эркак, чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиевни пичоқ билан жароҳатлади. ИИБ ходими шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этди. Қотил қидирилмоқда. ИИВ унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга фуқаролардан зудлик билан хабар беришни сўради.

Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспектори хизмат вазифасини бажараётган вақтда қотиллик қурбонига айланди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 1 июл куни соат 20:50 ларда туманнинг Юксалиш маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақида 102 қисқа рақамига келиб тушган хабар бўйича ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Абдувалиев, маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб боришган.
Аниқланишича, 1960 й.т. фуқаро Холбозоров Юнусали Тумарович маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Ҳужумчини зарарсизлантириш жараёнида Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.
Инспектор олган жароҳати натижасида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "г" банди (хизмат бурчини бажараётган шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумондор Ю. Холбозоров воқеа жойидан яширинган. Ҳозирда уни ушлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Ушбу шахс ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз, зудлик билан яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Фуқароларнинг ҳаётини асраш мақсадида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мардлик ва фидойилик кўрсатган ҳолда ҳалок бўлган Андижон вилояти Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори катта лейтенант Абдувалиев Абдурасул Қахаровичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирамиз”, – дейилади ИИВ ахборотида.
Юқоридаги модда асосида қотилни 15 йилдан 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутмоқда.
Мавзуга оид

20:39 / 02.07.2025
Хўжаободда қотиллик қурбони бўлган профилактика инспектори сўнгги манзилга давлат мадҳияси садолари остида кузатилди

23:00 / 28.06.2025
Россия босқинига 160 йил, пенсия ёшини ошириш таклифи ва администрацияда ўзгаришлар — ҳафта дайжести

16:59 / 23.06.2025
“Ясалган” жиноят: Навоийда икки қиз ИИБ “резултати” учун қамоққа тиқилди

09:14 / 18.06.2025