Жаҳон | 23:25 / 05.07.2025
1988
2 дақиқада ўқилади

Россия деярли барча демографик статистикани махфийлаштирди

Расмийлар барча асосий кўрсаткичларни самарали равишда яшириб, улардан фақат иккитасини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.

Фото: Виталий Аньков/РИА Новости

2 июл куни Россиянинг «Росстат» ташкилоти яна бир статистик тўпламни нашр этди, унда биринчи марта «Демография» бўлими бутунлай йўқ. Бу ҳақда «Агентство» хабар берди.

Расмийлар барча асосий кўрсаткичларни самарали равишда яшириб, улардан фақат иккитасини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.

Яширилган маълумотлар:

- Россиянинг доимий аҳолиси сони;

- миграциянинг ўсиш миқдори;

- туғилганлар ва ўлганлар сони;

- Россиянинг ички миграцияси;

- Россияга келганлар ва уларнинг келиб чиқиш мамлакати тўғрисидаги маълумотлар;

- қочқинлар, мажбурий кўчкиндилар ва вақтинчалик бошпана берилганлар тўғрисидаги маълумотлар.

Шу билан бирга, илгари аҳолининг табиий ҳаракати бўйича бўлимларга киритилган бошқа жадваллар ҳам йўқолди - яъни туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралишлар. Ушбу маълумотларнинг баъзилари баҳордаёқ махфийлаштирилган эди.

Энди ҳисоботда фақат иккита кўрсаткич бўйича маълумотлар бор: ҳудудлар бўйича туғилишнинг умумий коэффициенти, шунингдек, учинчи ва ундан кейинги болалар бўйича умумий коэффициент.

«Росстат»нинг сўнгги ҳисоботи - 2025 йил марти учун - 16 майда эълон қилинди, бу одатдаги муддатларга тўғри келди. Бироқ, орадан деярли икки ой ўтди ва апрел ойидаги маълумотлар ҳали эълон қилинмади.

Таққослаш учун: 2024 йилда апрел ойи хулосаси 7 июнда, 2023 йилда эса 9 июнда эълон қилинган. Аввалроқ «Если быть точным» нашри «Россиянинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи» ойлик ҳисоботида ҳам демографик статистика бўлими йўқолгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид