Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц АҚШ билан биргаликда Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш ниятида
Германия канцлери АҚШ билан Украинани қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш бўйича келишувга эришмоқчи. Мерц Россияни жиддий ҳарбий жиноятларда айблади.

Фото: Jens Krick/Flashpic/picture alliance
Россиянинг Украинага ҳаво ҳужумлари давом этаётган бир пайтда Германия ҳукумати Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц Бундестагда бу борада АҚШ билан ҳамкорликда ҳаракат қилишига ишонишини айтди. Унинг сўзларига кўра, у АҚШ маъмурияти билан Украинани қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга қаратилган «келишувлар»ни муҳокама қилмоқчи.
«Украинага кўрсатаётган ёрдамимиз на молиявий чекловлар, на ходимлар етишмаслиги туфайли тўхтатилмайди. Ҳозирда бизда тақчиллик бўлган ягона соҳа — бу ҳарбий техника, қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш», — деди Мерц. У Россияни ўз ҳужумлари билан «Украинада деярли ҳар куни оғир ҳарбий жиноятлар содир этишда» айблади.
Ўз навбатида, Германия Мудофаа вазирлиги ҳамкор мамлакатларнинг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари ҳақида гапирди. Вазирлик вакилининг айтишича, улар ҳамкорлар билан Украинани «ҳозирда фойдаланилмаётган ресурслар» билан таъминлаш мумкинми ёки йўқми, шу масалани муҳокама қилмоқда. Мудофаа вазири Борис Писториус келаси ҳафта АҚШга ташрифи чоғида ҳаво мудофааси мавзусига ҳам тўхталиб ўтади. У Америка томони билан «Украинанинг Россия ҳужумларига қарши ҳаво мудофаасини кучайтириш учун биргаликда нима қилиш мумкинлигини» муҳокама қилади, деди вазирлик вакили.
Германия Мудофаа вазирлиги вакили Украинадан олинган кадрларни даҳшатли деб атади. «Вайрон қилинган фуқаролик инфратузилмаси, энергетика иншоотлари, юзлаб ракеталар ва дронларнинг кунлик ҳужумлари – буларнинг барчаси ҳеч кимни бефарқ қолдира олмайди». Унинг қўшимча қилишича, Россия Украина ҳаво мудофаасини «ўз имкониятлари чегарасига» етказмоқчи.
Мавзуга оид

16:30
Мерц Россия Украинага етказилган зарар учун 500 миллиард евро тўлаши кераклигини айтди

14:49
Трамп Россия бўйича «муҳим баёнот» беришини айтди

14:46
Reuters: АҚШ Трампнинг буйруғи билан биринчи марта Украинага қурол юборади

12:30