Жаҳон | 15:50 / 13.07.2025
1895
2 дақиқада ўқилади

FT: Пентагон Тайван масаласида Австралия ва Японияга босим ўтказмоқда

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари ҳар икки мамлакат мудофаа идоралари вакиллари билан учрашувларда улардан «ўз ролларини аниқ белгилаб олишни қатъий талаб қиляпти».

Фото: AFP

Пентагон Тайван учун АҚШ ҳамда Хитой ўртасида уруш чиқиши мумкинлиги сабаб Япония ва Австралия ҳукуматларидан ўз ролларини аниқ белгилаб олишни қатъий талаб қилмоқда, деб ёзади Financial Times. Нашрга кўра, бу талаблар икки мамлакат расмийларини ҳайратга солган.

АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Элбриж Колби охирги ойларда Япония ва Австралия мудофаа идоралари вакиллари билан учрашувларда ушбу мавзуни фаол кўтармоқда. АҚШ вакили иттифоқчиларидан мажбурият талаб қиляпти, шунингдек, улар билан ХХРнинг Тайванга нисбатан таҳдиди ошиб бораётгани фонида мудофаа харажатларини оширишни муҳокама қилмоқда.

Япония Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, «Тайван билан боғлиқ фавқулодда вазият»га оид гипотетик масалани» изоҳлаш қийин. Улар ҳар қандай ҳаракатлар «конституция, халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликка асосланган» бўлишини қўшимча қилган. Австралиянинг АҚШдаги элчихонаси изоҳ беришдан бош тортган.

Материал эълон қилинганидан сўнг Колби Х ижтимоий тармоғига Пентагон президент Доналд Трампнинг «тийиб туришни тиклаш ва куч орқали тинчликка эришиш» сиёсатини амалга ошираётганини ёзди. Пентагон расмий вакили Шон Парнелл ҳам бунга изоҳ берди: «Биз урушга интилмаяпмиз. Биз Қўшма Штатлар ҳамда унинг иттифоқчилари дипломатия ва тинчликни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ҳарбий кучга эга бўлишини таъминлаш тарафдоримиз».

Мавзуга оид