Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чорвоқда шаҳар қуриш: шошмашошарлик эмас, илмий хулосалар зарур
Тоғлар орасида, сув омбори атрофида бутун бошли курорт-шаҳар қуриш учун экологик рисклардан ташқари, сел-сув тошқинлари ва кўчки хавфига ҳам баҳо бериш, келажакда сув сатҳи ҳозирги даражада сақланиб қоладими деган саволга жавоб топиш керак бўлади, дейди иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов. Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга кўра, инвестор лойиҳавий ҳужжатларни ҳали тақдим этмаган.

Чорвоқ сув омбори бўйида озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси асосида курорт шаҳарча қурилиши кутилмоқда. Ижтимоий тармоқларда лойиҳага жуда кўп эътирозлар янграмоқда. Шунга қарамай, ҳукумат ва инвестор ўртасида шартнома имзолаб бўлинган, Тошкентда бу қурилиш лойиҳасининг сотув офиси ташкил этилаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Kun.uz бу борадаги саволлар билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев билан суҳбат ташкил этди. Бу суҳбатга таклиф этилган Қурилиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” вакиллари унда иштирок этишмади.
Тоғ бағрида ва сув бўйида курорт-шаҳар қурилиши нимаси билан хавфли?
Лойиҳа ташаббускорлари фаол қурилиш ишларини тез орада бошлашга тайёрлигини айтмоқда. Ваҳоланки, иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, қурилишни бошлашдан олдин ҳудуднинг ваъда қилинаётган мастер-режасини сифатли ишлаб чиқишнинг ўзига камида 6 ой вақт керак.
“Сел-сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи баҳоланиши керак. Яшил майдонни қуруқ тақир ҳудудга айлантириб, ер ўзлаштирганингиздан кейин, кўчки хавфи кучаяди, чунки у жойни илдиз қопламалари ушлаб турибди. Чорвоқ – Ўзбекистондаги энг кўп ёмғир ёғадиган ҳудуд ҳисобланади. Йил давомида бунчалик кўп ёмғир ёғадиган жой Ўзбекистон ҳудудида йўқ.
Ўз-ўзидан тушунарлики, агар бу бизнес олимларнинг узоқ муддатли хулосалари, техник шартлари, муҳандислик хулосалари асосида барпо этилмаса, афсуски, бу лойиҳа узоқ йил давом этмайди”, – дейди иқлимшунос.
Абдулаҳатов, шунингдек, узоқ муддатли прогнозлар билан ҳисоблашишга чақирди: масалан, музликлар эриб бориши билан сув омбори сатҳини ҳозиргидек даражада сақлаб туриш келгусида қийин бўлиб қолиши мумкин.
Олимнинг қўшимча қилишича, “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бўйича жамоатчилик билан бамаслаҳат иш қилиш – охирги вақтларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш асносида олаётган мажбуриятларига, хусусан, Орхус конвенциясига мос келади. Агар бемаслаҳат йўл тутилса, бу конвенцияга асосан, ўзбекистонликларда петиция ташкил этиш ҳуқуқи мавжуд.
Тартибсиз қурилишлар авжида
Расул Кушербаев ҳудуддаги ҳозирги муаммолар ва инвестор нимани ваъда қилаётгани ҳақида тўхталди.
“Чорвоқдаги ҳозирги муаммолар – тартибсиз қурилган, экологик стандартларни инобатга олмаган ҳолда аҳолининг ўзи қурган дачалар билан боғлиқ. Афсуски, у ерни ҳақиқатан назорат қилишнинг имкони йўқ. Истаганча сувни қаердан бўлса тортиб оляпти, бассейнларни тўлдириб, уларнинг канализация сувларини тартибсиз қаерга бўлса чиқариб юборишяпти. Бу факт.
Яъни асосийси кўринаётган муаммо шу. Энди буларнинг таклиф қилаётган варианти: “Биз ундай қилмаймиз, биз тартибли қиламиз, ҳамма нарса назорат остида бўлади ва сувни ҳам ташлаб юбормаймиз, тозалаб, қайта ишловга киритамиз” деган масалани айтяпти. Одатда катта объектлар бўлганда, назоратни ташкил қилиш мумкин. Лекин аҳоли томонидан, кичкина-кичкина алоҳида қурилишлар бўлганда, назорат қилиш жуда қийин бўлади”, – дейди у.
Кушербаевнинг айтишича, инвестор ҳозирча Экология вазирлигига экологик экспертиза учун бирорта ҳам ҳужжатни тақдим этмаган. У агар лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, вазирликнинг экологик назоратига ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаслигидан умидвор.
“Очиғи, шахсан мен ўзим ҳам бу лойиҳа ҳақида яқинда эшитдим. Фақат оммавий ахборот воситаларида чиққандан кейингина эшитдик. Сабаби, вазирликка бу лойиҳани амалга ошириш бўйича хулоса бериш учун ҳужжатлар берилмаган. Тартибга кўра, ҳар қандай объект қурилишидан олдин лойиҳа ҳужжатлари экологик экспертизадан ўтказиш учун берилади.
Вазирлик ҳузуридаги Экологик экспертиза маркази бор, ўша марказ ўтказиб бериши керак. Буни қанчалик экологик талабларга мос ёки мос эмаслигини кўриб чиқади ва ундан кейин талаблар қўйиб беради, “мана шу талабдан четга чиқмаган ҳолда қиласан” деб. Эртага объект эксплуатацияга топширилаётган вақтда яна келиб кўришади, шу талабларни бажардими, йўқми. “Бажарибди, майли, розимиз” дегандан кейингина бошқа идоралар қатори ҳаммаси тўғри келса, бу эксплуатацияга қабул қилинади. Тартиби шундай”, – деди суҳбатдош.
Экология вазирининг маслаҳатчисига кўра, ҳозирда халқаро ва маҳаллий эколог-экспертлардан иборат кенгаш тузиш бўйича ишлар кетяпти. Лойиҳа айни шу кенгаш хулосасини олиши ҳам талаб этилади.
Суҳбат давомида Чорвоқ атрофларидаги 500 гектардан ортиқ ҳудуднинг инвесторга ажратилиши бўйича ҳужжатлар очиқланмаётгани, ўша ерда яшовчи маҳаллий аҳолини ташвишлантираётган масалалар, қурилиш жараёнлари қандай назорат қилиниши, Экология вазирлигининг бу борадаги кучи ҳақида ҳам гаплашилди. Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид

15:32 / 22.07.2025
Тошкент вилоятида табиатга қарийб 17 млрд сўм зарар етказилди

09:05 / 20.07.2025
“Дарахтлар банки”, Чорвоқ бўйича ваъдалар ва IMEI машмашалари — ҳафта дайжести

18:22 / 19.07.2025
Навоий шаҳрини заҳарли тутун қоплади. Одамлар нафас олиш имконсизлигини айтмоқда

16:55 / 19.07.2025