Жаҳон | 20:11
9175
3 дақиқада ўқилади

Дунёда янги ўта кучли наркотик тез тарқалмоқда

У героин ва фентанилдан бир неча баробар кучли.

Фото: Joe Lamberti / The Washington Post / Getty Images

Жаҳон наркобозорида синтетик опиоидлар - таъсир кучи бўйича фентанилдан ўнлаб марта устун бўлган моддалар - нитазенлар оммалашмоқда. Улар ҳатто микродозаларда ҳам ўлимга олиб келади ва аллақачон юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган, айниқса, айнан шу дорини қабул қилаётганини билмаганлар орасида.

Нитазенлар 1950 йилларда Швейцариянинг Ciba (ҳозирги Novartis) компанияси томонидан эҳтимолий оғриқ қолдирувчи восита сифатида синтез қилинган. Аммо ўта заҳарли экани туфайли ҳеч қачон тиббиётда қўлланилмаган - ҳатто минимал дозаларда ҳам ўлим хавфи жуда юқори, деб ёзди Meduza.

XX асрнинг иккинчи ярмида нитазенлар вақти-вақти билан турли мамлакатларда пайдо бўлган. Масалан, 1998 йилда Москвада нитазенларнинг бир шакли - этонитазендан камида 20 киши вафот этган.

Бироқ, чинакам оммавий тарқалиш фақат олти йил олдин - Хитойда фентанил ишлаб чиқариш чекланганидан ва Афғонистондан героин етказиб бериш кескин камайганидан кейин бошланган. Нарколабораториялар унинг ўрнини босувчи - нитазенларни топди.

Бугунги кунда нитазенлар бутун дунё бўйлаб топилмоқда: 2019 йилдан 2024 йилгача - 28 мамлакатда. Буюк Британияда улар 485 кишининг, АҚШда 320, Латвияда 101 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Модданинг ҳатто арзимас миқдори ҳам ўлимга олиб келади - лекин кўпинча у бошқа гиёҳванд моддалар ёки ҳатто рецепт бўйича бериладиган дорилар, вейп суюқликлари ва ксанакс каби таблеткаларга аралашиб кетади, бу эса хавфни айниқса оширади.

Масалан, Британияда 23 ёшли йигит «рецептсиз» ксанаксни қабул қилгандан сўнг вафот этди - таблеткаларда нитазен излари топилди.

Нитазенларни ишлаб чиқариш героин ёки фентанилга қараганда осонроқ ва арзонроқ экани таъкидланмоқда. Улар героиндан 50-250 баравар, фентанилдан 10-50 баравар кучлироқ, бу эса ташиш ва сотишни фойдалироқ қилади: камроқ ҳажм - кўпроқ фойда.

Таъкидланишича, Европада бир грамм нитазендан олинадиган соф фойда 600 еврога етади.

Нитазенларга дуч келган биринчи давлатлардан бири Эстония бўлди. 2000 йилларда бу ерда фентанил эпидемияси авж олган эди, у 2017 йилга келиб бартараф этилгандек туюлди. Аммо 2019 йилдан бери мамлакат яна ўлимлар сонининг ўсишини қайд этмоқда - 2022-2023 йилларда нитазенлар 130 кишини, яъни гиёҳванд моддалар туфайли вафот этганларнинг ярмини ўлдирди.

Мавзуга оид