Жамият | 22:28 / 16.04.2025
11513
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўл талашган Spark ҳайдовчиси темир билан Matiz ҳайдовчисини урди

Жабрланувчи тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод туманида икки ҳайдовчи ўртасида содир бўлган жанжал юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 12 апрель куни Юнусобод тумани 13-мавзе ҳудудида 36 ёшли Spark ҳайдовчиси М.Х. ҳамда 20 ёшли Matiz ҳайдовчиси С.А. йўл талашиш оқибатида ўзаро жанжаллашган. Шундан сўнг, М.Х. автомашинадан тушиб, темир жисм билан Matiz’нинг ойналарини синдирган ва шу жисм билан фуқаро С.А.нинг бош қисмига уриб тан жароҳати етказган.

Фуқаро С.А. олган тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрелда пойтахтнинг Яккасарой туманида йўл талашиб жанжаллашган ҳайдовчининг автомашинасида психотроп дори воситалари борлиги аниқланган эди.

Мавзуга оид