Зеленский АҚШ билан музокаралар муваффақияти тўғрисида гапирди
Украина ва АҚШ иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув юзасидан олиб борилган музокараларда яхши натижаларга эришмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг анъанавий кечки мурожаати давомида маълум қилган.

Фото: Украина президенти расмий сайти
«Бугун биринчи вице-бош вазир Свириденко бу ҳақда ҳисобот берди. Асосий юридик масалалар деярли келишиб олинди. Агар шундай тез ва конструктив тарзда ҳаракат қилиш давом этса, бу келишув Украинага ҳам, Америкага ҳам самарали иқтисодий натижаларни тақдим этади», — деди Зеленский.
Феврал ойида Украина ва АҚШ нодир ерости ресурслари бўйича рамкали келишувни имзолашни режалаштирган эди. Аммо 28 феврал куни Оқ уйда Володимир Зеленский ва Доналд Трамп ўртасида юз берган зиддият туфайли бу амалга ошмади.
Шундан сўнг АҚШ томони фойдали қазилма бойликлар қазиб чиқаришни ўз ичига олган янгиланган келишув лойиҳасини юборди. АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг айтишича, янги ҳужжат тўлақонли келишув ҳисобланади. Буни Зеленский ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп Зеленский гўёки нодир ер металлари тўғрисидаги келишувдан воз кечмоқчи эканини билдирган эди. Аммо бундан сўнг Вашингтон ва Киев ўртасида техник музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, Украина вице-бош вазири, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко бугун АҚШ билан ерости бойликлари бўйича келишув музокараларида муҳим илгарилаш ҳақида маълум қилди. Бу Украина тикланиши учун инвестиция жамғармасини яратишни ҳам ўз ичига олади.
Иқтисодиёт вазири ўринбосари Тарас Качканинг таъкидлашича, Украина ва АҚШ нодир ер металлари бўйича келишув устида иш олиб бормоқда. Томонлар шу ҳафта музокаралар бўйича оралиқ натижани белгилашга интилмоқда.
«Биз ютуқларимизни ёзма равишда акс эттириш учун қўшма баёнот ёки ниятлар меморандумини расмийлаштирмоқчимиз. Бу муҳим, чунки жамоатчиликда кўп саволлар бор, саволлар кўп бўлса — турли миш-мишлар ҳам пайдо бўлади... Шунинг учун биз бугуноқ ҳатто бирор ҳужжат имзоланишига ҳам умид қиляпмиз», — деди у.
Мавзуга оид

09:59
Украина АҚШ ёрдамининг тўхтатилишига тайёргарлик кўрмоқда

23:25 / 24.04.2025
Трамп миллионерлар учун солиқларни оширишдан бош тортди

21:23 / 24.04.2025
Зеленский Трампга Россия—Украина урушини тугатиш бўйича янги таклифлар юборилганини маълум қилди

13:30 / 24.04.2025