Эрон ташқи ишлар вазири Исроилга қарши амалиётлар якунига эътибор қаратди
Эроннинг Исроилга қарши ҳарбий амалиётлари «сўнгги дақиқагача, соат 4:00 гача» давом этди, деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи X ижтимоий тармоғида.

Фото: Elif Ozturk/Anadolu Agency/IMAGO
Эроннинг Исроилга қарши ҳарбий амалиётлари маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4:00 да якунланди. Бу ҳақда Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Арағчининг 24 июн, сешанба куни Теҳрон вақти билан соат 4:03 да X ижтимоий тармоғида чоп этилган баёнотида айтилади.
«Қудратли қуролли кучларимизнинг Исроилни тажовузкорлиги учун жазолашга қаратилган ҳарбий амалиётлари сўнгги дақиқагача, эрталабки соат 4 гача давом этди», — дейилади постда. Шу билан бирга, дипломат ўз мамлакатини «сўнгги томчи қонигача ҳимоя қилишга» ва душманнинг ҳар қандай ҳужумига сўнгги дақиқагача жавоб беришга тайёр бўлган Эрон ҳарбийларига миннатдорчилик билдирди.
Айрим кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари Эрон ТИВ раҳбарининг бу баёнотини Ислом Республикасининг Исроил билан можарода ўт очишни тўхтатишга тайёрлиги сифатида изоҳлади. Аввалроқ, 23 июн куни кечқурун АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон ва Исроил яқин соатларда ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини маълум қилганди.
Теҳрон вақти билан соат 3:46 да Аббос Арағчи X'да Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув йўқлигини, аммо Исроил уни Теҳрон вақти билан эрталаб соат 4 дан кечиктирмасдан тўхтатса, Эрон «жавоб ҳаракатларини тўхтатишга» тайёрлигини ёзди.
«Ҳозирча ўт очишни ёки ҳарбий амалиётларни тўхтатиш бўйича келишув мавжуд эмас. Бироқ Исроил режими Эрон халқига қарши ноқонуний тажовузни Теҳрон вақти билан эрталаб соат 4 дан кечиктирмай тўхтатса, биз бундан кейин жавоб ҳаракатларимизни давом эттириш ниятида эмасмиз», — дея таъкидлади Арағчи постда. «Ҳарбий ҳаракатларимизни тўхтатиш бўйича якуний қарор кейинроқ қабул қилинади».
Мавзуга оид

23:23 / 24.06.2025
Уруш кундалиги: Исроил вайроналари

21:49 / 24.06.2025
Бу урушда Исроил ўз тарихидаги энг йирик талафотларга учради — экспертлар

21:21 / 24.06.2025
«Улар нима қилаётганини билмайди» — Трамп Эрондан ҳам, Исроилдан ҳам мамнун эмас

21:17 / 24.06.2025