Спорт | 16:56 / 07.07.2025
11280
6 дақиқада ўқилади

«Насаф» клуби матбуот хизмати ходими рақибларни ҳақоратлади. У ишдан бўшатилган

«Динамо» ва «Насаф» ўртасидаги ўйиндан кейин Қарши клуби расмийси Сарвар Бобоназаров ижтимоий тармоқда ўйин натижаси ва пеналти ҳаққоний бўлмагани ҳақида эҳтиросли ва ҳақоратли постлар ёзиб қолдирди. У шу аснода «Андижон» мухлисларини ҳам ёмон сўз билан эслаган. Самарқанд ва Андижон клублари «Насаф»дан тушунтириш сўради.

Фото: FC Nasaf

6 июл куни Суперлига 15-тури доирасида Самарқандда мезбон «Динамо» ва Қаршининг «Насаф» клуби ўртасидаги ўйиндан (2:2) кейин можароли ҳолат юзага келди. Қашқадарё клуби матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров X ижтимоий тармоғида самарқандлик ва андижонлик мухлисларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилди.

Ўйиннинг 1-бўлимига қўшиб берилган дақиқаларида «Динамо» пеналтидан гол уриб, 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Иккинчи бўлим охирида «Насаф» ҳам гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиндан кейин Сарвар Бобоназаров (Ўктамзода) X ижтимоий тармоғида ўйин натижаси ва пеналти ҳаққоний бўлмагани ҳақида эҳтиросли ва ҳақоратли постларни ёзди.

У ўйинда VAR технологиясидан фойдаланилмаганида мезбонлар клубини айблаган.

Шунингдек, олдинроқ «Динамо»га қарши ўйиндан кейин ҳакамликдан норози бўлган «Андижон» клуби мухлисларини ёмон сўз билан эслаган. 

7 июл куни «Динамо» ПФК Сарвар Бобоназаровнинг ижтимоий тармоқлар орқали рақиб жамоа ва бутун вилоят шаънига билдирган ҳақоратли фикрлари бўйича «Насаф» ПФКдан расмий тушунтириш сўради.

«Суперлига 15-тури доирасидаги «Динамо» ва «Насаф» (2:2) ўртасидаги учрашувдан кейин Қарши клуби матбуот хизмати вакили Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) «X» (твиттер) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида (3672 обуначига эга) Самарқанддаги ўйинда ВАР техникаси Жиззахдан етиб келмагани сабабли мезбон клуб сифатида Самарқанд жамоасини ҳақоратлаган. Айниқса, унинг самарқандликларни таҳқирловчи ҳақорати турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳларда кескин муҳокамага сабаб бўлмоқда.

«Насаф» ПФК матбуот хизмати вакили, Қаршидаги «Марказий» стадиони сухандони саналмиш Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) томонидан мухлислар ўртасида адоватни қўзғовчи, кескинликка сабаб бўлаётган билдирилган фикрлар бўйича «Динамо» ПФК «Насаф» клубидан расмий тушунтириш сўрайди. Клуб бу борада қатъий чора кўришни талаб қилади.

Шунингдек, «Насаф» матбуот хизмати вакили Сарвар Ўктамзода бўйича тегишли идораларга мурожаат қилиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилади. Бундай ҳатти-ҳаракатлар клублар ўртасидаги муносабат совуқлашиши, мухлислар ўртасидаги ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслик шарт», — деб ёзади самарқандликлар матбуот хизмати.

Кўп ўтмай «Андижон» футбол клуби ҳам «Насаф» ПФК матбуот хизмати вакилининг ҳақоратомуз сўзлари юзасидан баёнот берди.

«Насаф» футбол клуби матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали «Андижон» клуби мухлисларига нисбатан асоссиз равишда билдирган ҳақоратомуз сўзлари сабабли воқеликни кескинлантирувчи ҳолатнинг вужудга келишига олиб келмоқда.

Дарҳол «Андижон» клуби матбуот хизмати бу борада «Насаф» клуби расмийлари – Ботир Қораев ҳамда клуб матбуот котиби Сардор Нуров билан боғланди ҳамда юз берган вазият юзасидан изоҳ сўради.

Ўз навбатида «Насаф» футбол клуби расмийлари ҳар доим «Андижон» клуби ва унинг мухлисларига ҳурмати чексизлигини, Сарвар Бобоназаров ёзган ҳақоратомуз сўзлар юзасидан клубда ички йиғилиш ўтказилишини ва тегишли жазо қўлланилишини маълум қилишди.

Афсуски, Сарвар Бобоназаровнинг «Андижон» мухлислари номига бу биринчи ҳақоратомуз сўзлари эмас. Клубнинг расмий вакили бўла туриб бу каби ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиши ўз касби ва профессионалликка мутлақо зид.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб ЎзПФЛдан мазкур вазият юзасидан тегишли чора кўришини сўраймиз!» — деб ёзади «Андижон» матбуот хизмати.

«Насаф» расмийси бўлаётган ишлардан сўнг аввалига Х ижтимоий тармоғидаги постларини ўчириб ташлади. Кейин эса аккаунтини ҳам ўчирди.

«Насаф» эса рақиб жамоа ва мухлисларини ижтимоий тармоқда ҳақорат қилган матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаровни ишдан бўшатганини маълум қилди.

Клуби берган баёнотга кўра, Сарвар Бобоназаров ўйинда иштирок этмаган ва меҳнат таътилида бўлган.

«Айни вақтда меҳнат таътилида бўлган матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров мазкур учрашувда на бевосита, на билвосита иштирок этган ва хизмат вазифасини бажармаган. Бироқ у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кечаги учрашув юзасидан «Андижон» ҳамда «Динамо» жамоалари мухлислари шаънига нисбатан номақбул ифодаларни ишлатган», – дейилади баёнотда.

Бу шахсий фикрлар «Насаф» футбол клуби позициясини акс эттирмаслиги ва клуб ҳар қандай кўринишдаги ҳақорат ва камситишларни қоралаши қайд этилган. Клуб «одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузгани сабабли» Сарвар Бобоназаров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилган.

Мавзуга оид