Жамият | 11:50
11486
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Mangal fest’да жанжал юзага келди

Ҳуқуқ-тартибот органлари жанжал кенгайиб кетишининг олдини олган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкентнинг Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган Mangal fest фестивалида 2 август куни бир неча киши иштирокида жанжал юзага келган. Ҳолат акс этган видеоларда уларни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ажратаётгани акс этган.

Пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур фестивал тинч ва осойишта ўтишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жалб қилинган. Бироқ айрим фуқаролар жамоат тартибини бузиб ўзаро жанжаллашган.

«Шу ерда хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ушбу жанжал тўхтатиб қолинди ҳамда оғир оқибатлар содир этилишига йўл қўйилмади», дейилади хабарда.

Жанжаллашган фуқароларнинг барчасининг шахси аниқланиб, профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида яқин орадаги ИИБга олиб борилган.

Видеода акс этган ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоат тартибини бузишда иштирок этган фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланиши қўшимча қилинган.

Тошкент шаҳрида 27–29 июн кунлари пиво фестивали ўтказилган ва бу тадбир жамоатчиликда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлганди. Хусусан, «Миллий тикланиш» партияси депутати Фируза Мухамеджанова уни «анъаналарга хилоф ва маънавий қадриятларга таҳдид» деб баҳолаганди.

Мавзуга оид