Жаҳон | 10:54
3339
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махсус вакили Уиткофф Москвага келди

Трампнинг Путинга қўйган ултиматум муддати тугашидан икки кун олдин унинг махсус вакили Стивен Уиткофф Внуковога қўнди ва уни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ ) раҳбари Кирилл Дмитриев кутиб олди. Аввалроқ Трамп Уиткоффни Москвада кўришни исташларини айтганди.

Фото: kremlin.ru (архив)

АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Россия раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш учун Москвага келди. У Внуково аэропортига қўнди, деб хабар берди Reuters 6 август, чоршанба куни эрталаб, шунингдек, ТАСС ва РИА "Новости" Россия давлат ОАВ манбаларига таяниб. Уиткоффни Украинадаги урушни тугатиш бўйича АҚШ билан музокараларда Россия делегацияси таркибида бўлган Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев кутиб олди.

Махсус вакилнинг Россияга ташрифи ҳақида аввалроқ россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Украинадаги урушни тугатиш чораларини кўриш учун 10 кун муҳлат берган АҚШ президенти Доналд Трамп маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Москва Уиткоффни «кўришни хоҳлайди». «Улар уни учрашувга таклиф қилди. Демак, нима бўлишини кўрамиз», — деди Трамп. Ултиматум икки кундан кейин тугайди.

Агар Россия Украинада тинчлик ўрнатишдан бош тортса, нима бўлади, деган саволга Трамп шундай жавоб берди: «Демак, санкциялар бўлади. Лекин улар санкцияларни айланиб ўтишга уста. Шундай қилиб, нима бўлишини кўрамиз». АҚШ президентининг сўзларига кўра, санкциялардан қочиш учун Москва «одамлар ўлишини тўхтатиш мақсадида битим тузиши» керак. Ҳиндистон ва Покистон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руандани мисол қилиб келтирган Трамп: «Биз кўплаб мамлакатларнинг уруш олиб боришини тўхтатдик» деди. «Биз бу урушни ҳам тўхтатамиз ва кимдир буни қилиши керак», деди республикачи.

31 июль куни Трамп Уиткоффнинг Россияга бўлажак ташрифи ҳақида маълум қилди, бироқ у аниқ саналарни айтмади. Уиткофф ва Путин 11 феврал, 13 март, 11 апрел ва 25 апрел кунлари Россияда музокаралар ўтказган эди.

Мавзуга оид