Хитой Ўзбекистонда таълим муассасаларини ташкил этиши мумкин
2025 йил 3 июн куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов Хитойнинг Lushang Group компанияси делегацияси билан учрашди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Суҳбат давомида томонлар Lushang Group иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган йирик лойиҳалар, жумладан, замонавий логистика марказларини барпо этиш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва таълим муассасаларини ташкил этиш ташаббусларини муҳокама қилди.
Lushang Group — 1992 йилда Хитойнинг Шандун провинциясида ташкил этилган йирик давлат корпорацияси бўлиб, савдо, тиббиёт, молия, логистика, таълим ва инвестициялар соҳаларида фаолият юритади. Компаниянинг жами активлари 185 миллион АҚШ долларига тенг.
Учрашув якунида томонлар ўзаро мулоқотни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади ва муҳокама қилинган лойиҳалар доирасида амалий ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаб олди.